– Сўнгги йилларда давлат идоралари вакилларининг аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиши одатий ҳолга айланди. Шу аснода фуқароларнинг мурожаатлари атрофлича ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда, – дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Бекзод Хаитбаев. – Сектор ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кундалик муҳим вазифага айланган. Шу мақсадда «Темир дафтар»га киритилган кам таъминланган оилаларнинг турмуш тарзи тўла ўрганиб чиқилди. Натижада ушбу оилаларда яшовчи фуқароларнинг 298 нафари меҳнатга лаёқатли эканлиги аниқланиб, уларнинг бандлиги таъминланди.  – Фарзандим соғлиғида нуқсони борлиги туфайли ногирон бўлиб қолган, – дейди Ҳамид Олимжон номли маҳаллада яшовчи Гулсанам Қобулова. – Аммо унинг билим олишга иштиёқи баланд. Шу боисдан ўғлимга керакли китоблар, ўқув қуроллари олиб берганман. Лекин компютер сотиб олишга қурбимиз етмаётганди. Оиламиз аҳволидан хабар топган учинчи сектор раҳбари фарзандимга ноутбук совға қилди. Шу куни оиламизда чинакам байрам бўлди. Айниқса, ўғлимнинг қувончини кўрсангиз эди. 

 Аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни иш билан таъминлаш, таълим жараёнларига жалб этиш, касб-ҳунарга йўналтириш каби вазифалар сектор раҳбари эътиборида. Сектор ҳудудидаги эҳтиёжманд оилаларнинг уйларини таъмирлаш, кўча ва йўлакларни ободонлаштириш, фуқароларнинг томорқадан унумли фойдаланиш масалалари ҳам диққат марказида. Бундан ташқари, аҳолини электр энергияси, ичимлик суви ҳамда табиий газ билан таъминлаш, транспорт қатновидаги муаммоларни ҳал этиш каби кўплаб масалалар ўз ечимини топмоқда. 

Худойберган ЖАББОРОВ, 

ўз мухбиримиз.