Аҳмад Муҳсинов айни навқирон ёшда Бухоро шаҳридан ҳарбий хизматга, аниқроғи, жангу жадал кечаётган фронтга чақирилди.
– 1947 йилгача қирғинбарот жанггоҳда, сўнг Европанинг турли давлатларида армия сафида бўлдим, – дейди уруш фахрийси Аҳмад Муҳсинов. –Худога шукур, Ватанимга соғ-омон қайтиш насиб этди. Урушдан кейинги йилларда Бухоро давлат педагогика институтининг тарих факултетида таҳсил олдим. Бир муддат ўрта мактабда педагог сифатида ёшларга сабоқ бердим.
Аҳмад Муҳсиновнинг қарийб йигирма йиллик фаолияти бевосита ички ишлар тизимида кечди. Бу даврда у юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли лавозимларда хизмат қилган.
Куни кеча вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов Бухоро шаҳрининг Чашмаю Аюб кўчаси, 9-уйда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳмад Муҳсинов хонадонига ташриф буюрди. Унга секторлар раҳбарлари, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси, Бухоро ҳарбий гарнизони мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари ҳамроҳлик қилди.
Ушбу файзли хонадонда кечган суҳбатда вилоят ҳокими Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлаб, уруш қатнашчисига самимий миннатдорлик изҳор этди. Шундан сўнг Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига йўллаган Янги йил табригини ўқиб эшиттирди, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Ж.ШУКУРЛАЕВ,
