Аҳолини қийнаб келаётган кундалик ҳамда маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, электр энергияси, суюлтирилган газ таъминоти, кўмир ёқилғиси етказиб бериш борасида амалга оширилган ишларни яқиндан ўрганиш мақсадида Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр А.Икрамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ жорий йил 19 январ куни Шаҳрисабз туманида бўлди.
Вазир ўринбосари туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, шунингдек, аномал совуқ туфайли ташкил этилган тезкор штаб фаолият билан танишди. Тезкор штабда жамланган электр энергияси ва газ таъминоти хизмати вакиллари билан суҳбатлашиб, ушбу йўналишда фуқаролардан тушаётган мурожаатларни атрофлича таҳлил қилиб, иситиш тизимида вужудга келган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Шунингдек, туман марказидан олисда ва тоғли ҳудудларда яшовчи газ билан таъминланмаган аҳолига кўмир ёқилғиси, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни ташкил этиш ишлари билан яқиндан танишди.
Шаҳрисабз тумани аҳолисини кўмир билан таъминловчи “Танхоз” МФЙ ҳудудидаги кўмир тарқатиш омборига бориб, бу ердаги иш жараёни кўздан кечирилди.
Тезкор штаб ва секторлар раҳбарларига қиш мавсумида кўмир захирасини кўпайтириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Тумандаги “Шаматон” МФЙ ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйларда бўлган ишчи гуруҳ аҳолининг яшаш шарт-шароитлари ҳамда озиқ-овқат дўконларидаги нарх-наволарни ҳам ўрганди. Маҳалланинг Шаматон қишлоғида яшовчи эҳтиёжманд оила вакили Зулфия Ихтиёрованинг оилавий шароитлари ўрганилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати
