Шу йилнинг 21-22 май кунлари Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан Тошкент шаҳрида фахрийлар ва ёшлар етакчилари иштирокида «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш олий бурчдир» мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилган эди.

Анжуманда иштирок этган фарғоналик фахрийлар ИИВ маслаҳатчиси, генерал-полковник З. Алматов ҳамда вазир ўринбосари, генерал-маёр А. Икрамов томондан билдирилган фикрлар, берилган ўгит ва маслаҳатлардан таъсирланиб, ўзлари ҳам ҳудудларда ёш ходимлар билан учрашувлар ташкил этишмоқда.

Масалан, мазкур анжуманда қатнашган Фарғона вилоятининг Риштон туманида истиқомат қилувчи ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги маёр Эминжон Обидов Фарғонага қайтибоқ, ўзи истиқомат қиладиган Риштон туман ички ишлар бўлимида ёш ходимлар билан учрашди.

– Биз фарғоналик фахрийлар тизимда амалга олирилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёш ходимлар онгига етказиш, уларни тарбиялашда вазирлик раҳбариятига доим ишончли қанот ва камарбаста бўламиз, – дейди, истеъфодаги маёр Эминжон Обидов.

У ёшлар билан учрашувда пойтахтдаги анжумандан олган таассуротлари ва маълумотларини сўзлаб берди ва ходимларни она Ватанга муҳаббатли, танлаган касбига садоқатли бўлишга чақирди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.