Навоий вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари ўз хизмат ҳудудидаги барча корхона ва ташкилотларда, шунингдек темир йўл вокзалида доимий равишда санитария тадбирлари олиб боришмоқда. Бундан ташқари, темир йўл вокзали ҳудудида ҳамда темир йўл транспортларида ҳаракатланганда барча йўловчилар тиббий ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларида бўлишлари, ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари талаб этилмоқда.
Темир йўл вокзали кутиш залида ўрнатилган монитор орқали йўловчиларни ҳушёрликка чақириш мақсадида карантин талабларига қатъий риоя қилиш лозимлиги тўғрисидаги видеороликлар намойиш этиб бориляпти. Йўловчилар жўнаб кетганидан сўнг мунтазам равишда дезинфексия ишлари амалга оширилмоқда.
Бутун жаҳон бўйлаб коронавируснинг янги тўлқини кенг тарқалаётгани унга қарши курашиш, карантин талабларига риоя этиш аҳоли саломатлигини сақлашда нечоғлик зарурлиги англатади. Буни нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, балки ҳар бир фуқаро англаб етиши шарт.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
