Ички ишлар вазирлиги Академиясига Корея миллий полиция университети президенти жаноб Ли Чёл Гу бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Музокаралар кун тартибидан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари ўрин олди.
Таълим муассасалари раҳбарлари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришдан манфаатдор эканликларини таъкидлашди.
– Ўзбек ва корейс халқларини тарих синовидан ўтган мустаҳкам алоқалар боғлаб туради, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов. Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан кўзлаган асосий мақсадимиз ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлашда Корея миллий тажрибасининг ўзига хос ютуқларини ўрганиб, амалиётга татбиқ этишдир.
Конструктив ва очиқ руҳда ўтган музокара жараёнида яқин истиқболдаги режалар, хусусан, таълим муассасалари ўртасидаги англашув меморандуми ҳамда «йўл харитаси»да белгиланган чора-тадбирларнинг амалий натижаси ҳақида фикр алмашилди. Унга кўра, 2021/2022-ўқув йили давомида ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар учун Корея миллий полиция университетида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, хавфсиз туризм, ИТ соҳаси, кибержиноятларни фош этиш ва тергов қилиш каби йўналишларда малака ошириш курслари ташкил этилади. Жанубий кореялик малакали мутахассисларнинг узоқ муддат ИИВ Академиясига тажриба алмашиш учун келиши, алмашув (паритет) асосида курсантларни ўқитиш, замонавий глобал таҳдидларнинг олдини олишга йўналтирилган мастер-класс машғулотларини ташкил этиш, ахборот технологиялари, илмий-техникавий ва интеллектуал ҳамкорликни йўлга қўйиш, маданий алоқаларни кенгайтириш борасида келишиб олинди.
Делегация аъзолари Академия таълим жараёнида қўлланилаётган янгиланишлар, замонавий иншоотлар билан яқиндан танишишди. Хусусан, ўқув тергов-тезкор гуруҳлари учун махсус жиҳозланган автобусларни кўздан кечириб, назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланишининг ўзига хос ёндашувига юқори баҳо беришди.
– Амир Темур шахси, унинг марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, хусусан, кўҳна Самарқандни илм-фан марказига айлантиргани ҳақида кўп маълумотларга эгаман, – деди Жаноб Ли Чёл Гу. –Бугун дунёнинг айрим мамлакатларида Амир Темурнинг жанг қилиш санъати ўқитиб келинмоқда. «Темур тузуклари» китобининг тўрт тилда нашр этилган нусхаси мен учун қадрли туҳфа бўлди.
Куннинг иккинчи ярмида кореялик мутахассислар томонидан ИИВ Академияси курсантлари ва профессор-ўқитувчилари учун мастер-класс машғулотлари ўтказилди. Унда Корея тажрибасида қўлланилаётган илғор ёндашувлар мултимедиали тақдимот тарзида тушунтириб ўтилди.
Жамшид ХОЛОВ,
капитан.
