Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятда қатъий позицияга эга. Ушбу фаолиятдаги асосий вазифаларидан бири ўз ҳудуди атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантиришдан иборат. Бу йўлда давлатимиз раҳбари томонидан яқин қўшни давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ривожлантириш ҳамда мус­таҳкамлаш, хавф-хатарларни биргаликда, ўзаро келишув асосида бартараф этиш асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб берилган. Бинобарин, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласида «Бундай мураккаб шароитда бир ҳақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас», – деб таъкидлайди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Шҳт асосан аъзо давлатларнинг хавфсизлигини таъминлашга 

масъул бўлса-да, ҳарбий ташкилот эмас. Шҳтнинг минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти сифатида ўз олдига қўйган вазифалари барқарор тараққиёт ва фаровон истиқбол учун ҳамкорликда фаолият юритишни таъминлашдан иборатдир. 

Шу билан бирга, ҳар бир аъзо давлат ҳамкорлик юзасидан келишилган вазифаларни ўзи ҳудудида изчил амалга оширишга масъул ҳисобланади. Бу борада ҳам Ўзбекистонда тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, 2017-йил 9-июнда Остона шаҳрида Шҳтга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Респуб­ликаси томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва таклифларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда Ўзбекистонда Ташкилотнинг Халқ дипломатияси марказини ташкил этиш ва унинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди. 

Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев ўзининг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласида «Бизнинг асосий шиоримиз – «Ҳар биримиз кучли бўлсаккина Шҳт кучли бўлади». Уни амалда рўёбга чиқариш йўлида Ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорларимиз учун янада жозибадор бўлишига эришиш учун жиддий ҳаракат қилдик», – деб таъкидлайди.

Анқара Инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Мехмет Сейфетдин Эрол «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш ва Ўзбекистон Президенти томонидан ушбу тузилма доирасида илгари сурилган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши, ҳақиқатан ҳам, жаҳон миқёсида ишонч ва геосиёсий қарама-қаршиликлар инқирози кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда Шҳтнинг нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилди», – дея қайд этди. 

Бинобарин, ана шундай нуфузли ташкилотнинг Ўзбекистон раислигида ўтадиган Самарқанд саммити халқаро муносабатларда самарали мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилади. Ушбу тарихий саммит иқтисодий соҳани янада барқарорлаштириш, инновасион тараққиётни амалга оширишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги бозорларни ташкил қилиш, барқарорлик ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун устувор вазифаларни белгилаб олиш имкониятини беради.

Шавкат ТЎРАЕВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,

фалсафа фанлари номзоди, доцент.