Муносабат

Биз яшаётган бугунги жамиятда барча ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Негаки, инсон қадр-қиймати устун қўйилган жойда ижтимоий адолат ўрнатилади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январдаги «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори унинг негизида айни шу мақсад ётгани билан аҳамиятлидир. 

Қарорда бугун тизимда хизмат қилаётган ходимларни юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, ўз бурчига содиқ, ҳалол, ватанпарвар этиб тарбиялаш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, тизимда коррупция, тамагирлик, манфаатлар тўқнашуви каби ҳолатларнинг олдини олиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилган. 

Бундай натижага эришиш учун эса қарор билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланди. Мазкур кодексда белгиланган қоида ва талабларга амал қилиш ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезонидир, дея оламиз. 

Қарорда ички ишлар органлари шахсий таркибининг жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишнинг узлуксиз тизимини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, уни баҳолаш янги мезонлар асосида амалга оширилади. 

Умуман олганда, ҳар бир соҳа вақти-вақти билан ислоҳ қилиниб борилса, унда ривожланиш бўлади. Ўйлайманки, ушбу қарор ва унинг билан тасдиқланган кодекс ҳамда низомлар ички ишлар органлари тизимида туб бурилиш ясашига ва энг муҳими, халқчил тузилмага айланишига хизмат қилади. 

Шерзод ШОДИЕВ,

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари-маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник.