Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош­қармаси ҳамда унинг таркибий бўлинмаларининг транспорт инфратузилмаси обектларида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, йўлов­чи ва юк поездларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашда муносиб ҳиссаси бор. 

– Бошқармамизга қарашли «Қорақалпоғистон», «Бўстон», «Хўжайли», «Мискин», «Нукус» темирйўл бекатларидаги бўлинмаларининг хизмат кўрсатиш ҳудуди умумий узунлиги 866,7 километрни ташкил этади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Максет Жангиров. – Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида ходимларимиз томонидан 47 та жиноий ҳолат аниқланиб, ўтган йилга таққослаганда, уларнинг сезиларли камайишига эришилди. Аниқланган жиноятларни таҳлил эцак, уларнинг аксарияти ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, мансаб сохтакорлиги каби ҳолатлардир. 

Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида бошқарма жиноят-қидирув бўлинмаси ходимлари томонидан қидирувдаги 4 нафар шахс қўлга олинган. Масалан, «Қорақалпоғистон» темирйўл бекатига келиб тўхтаган «Хўжанд-Волгоград» йўналишидаги йўловчи поездини кўздан кечириш давомида қидирувдаги шахс Т.К. борлиги аниқланиб, қўлга олинди. Шунингдек, «Домодедова-Нукус» рейсидаги йўловчиларни текшириш давомида жинояти учун қидирувда бўлган А.С. ушланди. 

Сир эмаски, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг камайишида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси муҳим ўрин тутади. Шу кунга қадар бошқарма профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан 2700 дан ортиқ маъмурий баённомалар тузилган бўлса, 3 нафар шахси номаълум фуқаро реабилитация марказига жойлаштирилган. Келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хизмат ҳудудида жойлашган таълим муассасалари, темирйўл обектларига яқин жойлашган маҳаллаларда жамоатчилик вакиллари иш­тирокида тадбирлар ўтказилиб, тушун­тириш ишлари олиб борилмоқда.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

ўз мухбиримиз.

Қорақалпоғистон Республикаси.