Мактаб-интернат ўқувчиларидан иборат «Умид учқунлари» ансамбли ташкил этилиб, вазирликнинг «Орол юлдузлари» ансамбли билан биргаликда жойларда хайрия консертлари ўтказилди. Консертдан тушган пул маблағлари мактаб-интернатининг моддий-техник базасини яхшилаш, ўқувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун йўналтириб келинмоқда.
2022–2023 ўқув йилида давлат маблағи ҳисобидан кўзи ожиз болалар учун футбол майдончаси қурилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ажратилган маблағ эвазига битта синф тўлиқ компютер техникалари билан жиҳозланди.
Шунингдек, мактаб-интернатда махсус брайл шрифтидаги дарсликлар ва бадиий китобларни, ўқув қўлланмаларини китоб ҳолига келтиришда
«Дисплей» қурилмасидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.
– Кўзи ожиз кўрувчи шахслар учун ушбу қурилманинг афзаллиги ниҳоятда катта. Бу қурилма кўзи ожиз ўқувчиларнинг компютердан фойдаланишини осонлаштириб, wорд дастурида эркин ишлаш, ПДФ дастуридаги китоблар, дарсликларни ўқиш, интернет тармоғидан фойдаланиш имконини беради. Айни пайтда 12 нафар ўқитувчига ушбу қурилмадан фойдаланиш ўргатилмоқда. Ноябр-декабр ойларидан улар ўқувчиларга ўргатишни бошлайди, – дейди мактаб-интернат директори Айдарбек Аймуратов.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
