Зангиота туманининг Шодлик маҳалласида яшовчи Ирода Маҳкамова 3-сектор штабидан юзида қувонч аломатлари билан чиқди. Чунки у анчадан буён субсидия асосида тикувчиликни йўлга қўйиб, тадбиркорлик қилишни дилига тугиб юрган эди. Амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатидан сўнг унинг орзулари амалга ошадиган бўлди...

Зангиота тумани 3-секторида 17 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, ҳудудда қарийб 62000 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида корхона-ташкилот вакиллари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари томонидан қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида сектор штаби аъзолари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллаларда 

24 маротаба оммавий сайёр қабуллар ўтказилди. Натижада фуқароларнинг 125 та мурожаати кўриб чиқилиб, уларнинг 

67 таси қаноатлантирилди, қолганлари юзасидан эса асосли тушунтириш берилди.

Аҳолининг 11 минг 256 нафарини 16–30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ишсиз бўлган 

90 нафар ёшнинг 

24 нафарига баҳорда 

3,6 гектар бўш ва ўзлаштирилмаган ерлар туман ҳокими қарорига асосан 10 йилга ижара шартномаси асосида берилди. Шунингдек, секторда ижтимоий ҳимояга муҳтож 148 нафар шахс «Ёшлар дафтари»га киритилиб, уларнинг 

116 нафарига амалий ёрдам кўрсатилиб, муаммолари ижобий ҳал этилди. Жумладан, 38 нафар ёш ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия асосида меҳнат қуроллари олиб берилди. 35 нафарининг контракт тўлови, 7 нафарининг ҳарбий сафарбарлик тўловлари тўланди. Бундан ташқари, тиббий ёрдамга муҳтож 9 нафар ёшнинг соғлиғини тиклаши учун бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида барча маҳаллаларда воркаутлар ташкил этилиб, уюшмаган ёшлар ўртасида сектор раҳбари ва маҳалладаги ёшлар етакчилари бошчилигида жами 586 марта турли маданий-маънавий, ватанпарварлик ҳамда санъат тадбирлари ва спорт мусобақалари ўтказилди. 

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 3-сектор ҳудудидаги 11 та мактабда 190 та спорт, 22 та мусиқа тўгарагига 1250 нафар ёшлар қамраб олинган. Уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарига 390 дан ортиқ китоблар фойдаланиш учун совға қилинди.

Ҳудудда осо­йишталикни таъминлаш энг муҳим вазифа. Шу боис жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, содир этилганларининг келиб чиқиш омилларини таҳлил этиш алоҳида аҳамиятга эга. 

Туман ИИБ бош­лиғи, 3-сектор раҳбари, полковник Дилшод Мухамеджановнинг таъкидлашича, аҳоли, хусусан, ёшларда жиноятчилик ва унинг аянч­ли оқибатлари тўғрисида тасаввурларнинг шаклланиши учун маҳаллаларда ўтказилган жиноят муҳокамаларида иштирок этиш­ларига алоҳида аҳамият бериляпти. Профилактика инспекторлари иштирокида турли тадбирларнинг ўтказилиши, уюшмаган ёшлар иштирокида маҳалладаги ёшлар етакчилари билан биргаликда тадбирларнинг ташкил этилиши ижобий самара бераётганини эътироф этиш лозим. 

Ички ишлар органлари, маҳалла фаоллари ва бошқа жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида олиб борилаётган саъй-­ҳаракатлар натижасида маҳаллаларда жиноятчилик кескин камайди. Лекин бу хотиржамликка берилишга асос бўлмайди. Мавжуд маҳаллаларнинг еттитасида умуман жиноят содир этилмади. Ана шундай маҳаллалардан бири Навбаҳор маҳалласидир. 

«Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинида 

2889 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг аксарияти деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Маҳаллада 

12 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъэктлари ташкил этилиб, 2 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъэктлари фаолияти қайта тикланди.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида аҳолига қулайлик яратиш доимий эътиборда. Масалан, кооперация (этакчи тадбиркор, касаначилик) асосида иш ташкил этилиши бўйича 6 нафар фуқаро деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, саноат, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, деҳқончилик ва бошқа хизмат кўрсатиш йўналишида 6 та тадбиркорга бириктирилган.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Постда» мухбири.

Икром ҲАСАНОВ

олган суратлар.

Тошкент вилояти.