Дарвоқе, шундай. Янги хонадонли бўлиш ҳар бир инсоннинг орзуси. Жумладан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳам. Сўнгги 4 йил давомида ички ишлар органлари ходимларининг ишлаш ва яшаш шароитларини янада яхшилашга қаратилган эътибор натижаси ўлароқ, бугун ходимларнинг ана шу орзулари ушалмоқда.
Термиз шаҳрида вилоят ИИБ ходимлари учун қуриб битказилган ана шундай янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Шаҳарнинг Меҳробод маҳалласи ҳудудида барпо этилган беш қаватли, икки ва уч хонали 15 та хонадон ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбирда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов ва соҳа фахрийлари иштирок этди.
– Бугун мен ва оилам янги хонадонда яшаш бахтига муяссар бўлдик, – дейди Термиз шаҳар ИИОФМБ ташкилий бўлинма мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, маёр Ўктам Ёқубов. – Айниқса, бундай уй-жойларнинг узоқ муддатга имтиёзли кредит асосида берилаётгани ҳамда бошланғич бадал тўлови учун вазирлик томонидан узоқ муддатли фоизсиз қарзлар тақдим этилгани бизга жуда катта енгиллик яратди.
Ички ишлар вазири ҳамда меҳмонлар хонадонларга ташриф буюриб, у ердаги шароитлар, қулайликлар билан танишди. Янги уйли бўлган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига яхши ниятлар, тилаклар билдирилди.
Бундай ғамхўрлик халқ хизматидан толмайдиган ички ишлар органлари ходимларининг кайфиятини кўтариб, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири.
Сурхондарё вилояти.
