Жиззах вилоятининг Арнасой туманида ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ташкилот ва корхоналар масъуллари ҳамда маҳаллалар бешликлари иштирокида тадбир уюштирилди.
Йиғилишда вилоят ИИБ ЖХХ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Исмоил Амонов, Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акмал Савурбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, Арнасой туманида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ва уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва омилларга тўхталдилар. Муҳокамалар давомида ички ишлар органларида ҳисобда турган шахсларни ишга жойлаштириш, бандлик ташкилотлари ҳамда маҳалла бешлигининг бу борадаги масъулиятини ошириш, спорт тўгараклари ташкил қилиш ва ёшларни жалб қилиш, маданий ва маърифий тадбирлар ўтказиш юзасидан фикрлар билдирилди.
Шунингдек, нотинч оилалар ҳамда ота-оналари хорижда бўлган ёшлар билан ишлаш, жиноят содир этилиши мумкин бўлган ҳудуд ва объэктларда назоратни ошириш, тунги патрулликни ташкил қилиш таклифлари баён этилди. Ўз навбатида бир қатор идора ва муассасалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳини шакллантириш, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ҳамда жиноятларнинг олдини олишга оид таклифлар тайёрлашга келишиб олинди. Сўнг тумандаги ташкилот ва корхоналар раҳбарларига бириктирилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича қилинган ишлар таҳлил этилди. Айни мазмундаги йиғилишни вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказиш режалаштирилган.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
Ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
