Совуқ кунлар кириб келиши билан аҳоли орасида шамоллаш авж олади. Дори-дармон билан касалликни даволашга эришилса-да, кўпинча йўталнинг кетиши қийин бўлади. Бундай ҳолларда шифокор муолажасидан ташқари, уй шароитида тайёрланган малҳамлардан фойдаланиш ҳам яхши наф беради. Қуйида йўтални халқ табобати ёрдамида даволашда оғиздан-оғизга ўтиб келадиган фойдали усулларни тавсия этамиз.
* Йўталда, албатта, ётиш режимига риоя қилиш керак. Кун давомида
2 литргача С витаминига бой компот, мевали қайнатмалар, мойчечак гиёҳидан дамлама ичиш лозим. Йўтал тутишини камайтириш учун эса бошнинг орқасига бир нечта ёстиқ қўйиб ётиш ҳамда хонада тоза ва нам ҳаво алмашиб туришини таъминлаш лозим.
* Анжир мевасининг ўзи, қоқиси ёки мураббоси сутда қайнатиб ичилади.
* Бир чойқошиқ укроп уруғини 1 чойнак сувга дамлаб ичилса, йўтални қолдиради, балғам кўчишида фойда беради.
* Беҳи ёки шолғомнинг орасига сариёғ ёки думба солиб, буғда пиширган ҳолатда истеъмол қилинади.
* Ёғи олинмаган сутни сариёғ билан қайнатиб, иссиқ ҳолида ичиш томоқни юмшатади, қирилиши ва йўтал тутишида фойда беради.
* Аччиқ бодомни худди чой каби дамлаб ичилади.
* Тунги йўталда оёққа ванна қилиш яхши ёрдам беради.
* Халқ табобатида пишган пиёз ҳам кенг қўлланилади. Шиша идишни майдаланган пиёз билан тўлдириб, идишнинг қопқоғини ёпинг ва қопқоқни хамир билан беркитинг. Кейин газ печига қўйиб, паст оловда хамир қизаргунча пиширинг. Совугач, кунига 2 ошқошиқдан 3–4 марта истеъмол қилинг.
* Оддий ош тузини товада қиздиринг. Яхши қизиб турган тузни докага ўраб, томоғингизга қўйинг. Туз узоқ вақтгача иссиқликни ушлаб туриш хусусиятига эга. Иссиқ ҳолатда қўйилган туз томоқдаги барча инфексияларни ўзига шимиб олади. Агар томоқ ачишиб оғриса, камфор ёғи (ёки спирт) билан компресс қилиш яхши натижа беради.
* Турпни майда тўғраб, темир идишга солинг. Устига бироз шакар сепиб, паст оловда 2 соатга қўйинг. Ҳосил бўлган суюқликни сузиб олиб, кунига 3 маҳал овқатланишдан аввал болалар 2 чойқошиқ, катталар 2 ошқошиқ миқдорида ичиши тавсия этилади.
* Бронхит ва бошқа шамоллаш касалликларида турпни қирғичдан чиқариб, хантал (горчица) каби орқа ва кўкрак қафасига қўйилади.
* 150 мл қайноқ сувга 2 ошқошиқ кунгабоқар ёғи, озгина туз солиб аралаштириб ичилади. Таъбга кўра, туз солмаса ҳам бўлади.
* Занжабил илдизининг бир бўлагини майдалаб, бир стакан қайнаган сувга бир чойқошиқ миқдорида солинади ва озгина асал аралаштириб ичилади.
* 3–4 дона ўртача катталикдаги мандаринларни пўсти артиб, тозаланади. Блендерга солиб, майдаланади. Чойнакка 1 бўлак лимон, чимдим розмарин, занжабил ва бир чойқошиқ тоза асал, блендерда майдаланган мандарин, ялпиз барглари солиб, қайнаб турган сув қуйилади. Чойнакнинг устини ўраб, бироз дамлаб қўйиб, кейин ичилади. Бу дамлама ҳам шамоллашни бартараф этади, ҳам йўтални даволайди. Аллергия ҳолатлари бундан мустасно.
* Бир дона пиёзни артиб тозалаб, қирғичдан ўтказилади ёки блендерда майдаланади. Сирли идишга солиб, устидан 100 гр сув қуйилади ва 2–3 дақиқа давомида ўрта оловда қайнатиб олинади. Сўнгра докадан сузилади. Докада қолган пиёз бўтқаси алоҳида идишга солинади ва 1 ошқошиқ тоза асал қўшиб яхшилаб аралаштирилади. Овқатдан олдин катталарга 2 чойқошиқ, болаларга 1 чойқошиқ миқдорида уч маҳал буюрилади. Бу малҳам кучли йўталда, ҳатто болалар ва катталар орасида учрайдиган кўкйўталда ҳам жуда фойдали.
Тавсиялар борасида шифокор билан маслаҳатлашинг.
Адолат Файзиева тайёрлади.
