ЙПХ инспектори, сафдор Зафар Муҳаммадов Навоий шаҳар ҳудудида жойлашган “Қарнаб” кузатув блок постида 1-сменада хизмат олиб бориш учун жалб этилган эди. У Қарнаб-Навоий йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Нексия-1” русумли автомашина ҳайдовчисини хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётганлиги сабабли тўхтатади. Ҳайдовчининг ҳужжатларини текширганида, машинанинг давлат рақами белгиси ўзгартирилганлигини аниқлайди. Инспектор тегишли тартибда ҳужжат расмийлаштириб, автоуловни жарима майдонига олиб боради. “Пайтавасига қурт тушган” М.А ЙПХ инспектори, сафдор З. Муҳаммадовга ишни “босди-босди” қилиши, машинасини қайтариши эвазига 1 млн сўм пул беришини айтади.
Ходим пора бериш жиноий жавобгарликка олиб келишини бир неча маротаба тушунтирса-да, ҳайдовчи таклифини тўхтатмайди. Шундан сўнг сафдор З.Муҳаммадов вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат этади. Эртаси куни ҳам фуқаро ЙПХ инспектори билан учрашиб, 100 Ақш долларини унга тутқазади. Ҳолатни ўрганиш учун келган ИИВ Шхбб Навоий вилояти бўйича бўлими ходимларини пайқаган М.А пулни олиб шу заҳоти ютиб юборади.
Аммо у барибир қилмиши учун жавоб беришга мажбур. Чунки тиббиёт ходимлари уни эндоскопик текширув ўтказиб, ошқозонидаги 100 Ақш долларини олишга муваффақ бўлишди. Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
