Умрбоқийлик

Ўрта ва кекса авлод журналистлари Тўғон Эрназаровни нафақат журналист, моҳир педагог, олим ва шоир, балки Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетининг биринчи раҳбари сифатида ҳам яхши эслашади.

Тўғон Эрназаров 1922 йил 15 декабрда Тошкентда, оддий деҳқон оиласида таваллуд топган. У ёшлигидан шеърлар, кичик саҳна асарлари ёзиб, турли кўрик-танловларда қатнашган. Ихчам хабар ва лавҳалари билан болалар, ёшлар ва катталарга мўлжалланган газеталарда чиқишлари эса журналис­тика соҳасига қўйган илк қадамлари эди.

1942 йилда жанговар алоқачи бўлиб фронтга жўнаган Т. Эрназаров қўлида қурол ва қалам тутган ҳолда, Сталинграддан Прагага қадар бўлган йўлни босиб ўтди. Иккинчи Украина фронтида чоп этилиб турган ўзбекча газеталарнинг ҳарбий мухбири сифатида жанг майдонларидан хабар, репортаж, очерк, шеър, балладалар жўнатиб, уруш мавзусида ҳикоялар ёзиб, жангчиларни жасоратга ундади.

Урушдан кейин эса турли газеталарда адабий ходим, бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, муҳаррир бўлиб хизмат қилди, педагогика институтининг кечки бўлимида таҳсил олди. Бундан ташқари, Москва шаҳридаги ёшлар олий мактабининг тингловчиси бўлди. Ўқишни муваффақиятли тамомлагач, илмий иш ёқлаб, тарих фанлари номзоди илмий даражасини олди. «Совет Ўзбекистони» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида масъул котиб бўлиб, айни вақтда Тошкент давлат университетининг журналистика кафедрасида ўқитувчилик қилди. Ўн йил давомида Тошкент олий кадрлар тайёрлаш мактабида кафедра мудири вазифасида ишлади ва Ўзбекистон матбуоти тарихи соҳасида докторлик илмий ишини ёқлади. Кейинчалик Тошкент давлат университетига ишга ўтиб, журналистика факултетини ташкил этишда бош-қош бўлди ва факултет декани лавозимига та­йинланди. Журналистика соҳасига оид илмий-тадқиқот ишларида янгича йўналишларни бошлаб берди. Натижада 30 дан ортиқ ёш ва истеъдодли олимлар унинг раҳбарлигида номзодлик ишларини ҳимоя қилди.

Т.Эрназаров турмуш ўртоғи Шоҳидахон ая билан уч нафар фарзандни тарбиялашди. Улар ота касбини муносиб давом эттиришди. Тўнғич фарзанди Қудрат Эрназаров Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) университетининг журналистика факултетини тамомлаб, Москва давлат университетида журналистика соҳасида илмий иш ёқлади. Ке­йинчалик тарих фанлари доктори илмий даражасини олиб, Ўзму журналистика факултетида ишлади, бир неча йил декан лавозимида фаолият юритди.

Қизи Шоҳистахон кўп йиллар Ўзбекистон телерадио қўмитаси қошидаги «Ватандош» таҳририятида чет элдаги юртдошлар учун эшиттиришлар тайёрлаб, журналистик фаолият юритди.

Кенжа фарзанди Азиз Эрназаров ҳам ота изидан бориб, Тошкент давлат университетининг журналис­тика факултетида таълим олди. Кўп йиллар Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиш баробарида, телевидение ва радиода мухлисларга манзур бўладиган кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлади. ИИВ Матбуот хизматининг бош­лиғи ҳамда Бирлашган таҳририят бош муҳаррири сифатида қизғин журналистик фаолият билан шуғулланди. Полковник унвонида пенсияга чиққан А. Эрназаров ҳозирда ҳам Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот-мултимедиа марказида шогирдларига ўз маслаҳатларини бериб, фаолиятини давом эттириб келмоқда. Унинг жуфти ҳалоли Гулчеҳрахон Эрназарова ҳам Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида қарийб қирқ йил муҳаррир бўлиб хизмат қилди.

Т.Эрназаровнинг набиралари ҳам бобоси изидан борди. Азиз Эрназаровнинг қизи Шаҳнозахон Кенжаева Ўзбекистон телевидениесида бош­ловчи-муҳаррир сифатида халқимиз орасида танилган. Яна бир қизи Шаҳлохон ҳам журналистика соҳасида таълим олиб, сулола давомчиси бўлган.

– Уйимизга Ўзбекистоннинг атоқли олим, шоир ва арбоблари тез-тез ташриф буюриб туришарди, – дейди истеъфодаги полковник Азиз Эрназаров. – Шароф Рашидовнинг укаси, таниқли олим Асил Рашидов билан отамнинг суҳбатлари қизигандан қизирди. Асил аканинг келганини кўрган қўни-қўшнилар: «Уйларингизга Шароф Рашидов келдими?» деб ҳайратланишарди. Атоқли шоир Абдулла Орипов ҳам отамиз билан қадрдон эдилар. Умрининг охирги вақтларида Америкада истиқомат қилаётган шоир менга қўнғироқ қилди. Бироз гаплашганимиздан сўнг, «Домламизни тушимда кўрибман, иккаламиз ижод ҳақида суҳбатлашаётган эканмиз», дедилар. Тўғриси, мана шундай буюк шахс отамни хотирлаганларидан кўзимда ёш қалқди ва шундай инсон фарзанди эканлигимдан ғурурландим.

Тўғон Эрназаров ижод қилган асарлар, журналистлар учун ёзган қўлланма ва дарсликлар талайгина. Унинг «Туркистонда вақтли матбуот», «Ўзбекис­тонда халқ матбуотининг равнақи», «Жангчи қалби», «Окоп сатрлари», «Европа бўйлаб», «Таниқли матбуот дарғалари», 3иёд Есенбоев ҳамда Убайдулла Иброҳимов билан ҳамкорликда ёзилган «Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари» каби китоблари, шогирди Адҳам Акбаров билан ҳаммуаллифликдаги «Туркистон матбуоти тарихи» ва «Ўзбекистон матбуоти тарихи» дарсликлари ёдгор бўлиб қолди.

Шунингдек, домланинг «Жангчи қалби» (1975), «Окоп сатрлари» (1980) каби тўпламларидан шеър­лари ҳамда «Тоғлар орасида» мажмуасидан ҳикоялари танланиб, «Гўзал боғлар» номли китоби нашрга тайёрланди. Бу шеър ва ҳикоялар жангчи шоирнинг ғалаба ишончи билан ёнган қалби нидоларидир. Адибнинг шеър ва ҳикояларида самимийлик ва инсоний туйғулар уфуриб туради.

Журналистика соҳасининг дарғаси Тўғон Эрназаров ҳаёт бўлганида бугун 100 ёшни қаршилаган бўларди. Бироқ шогирдлари, фарзандлари ва набиралари унинг ишини давом эттириб, амалга ошмаган орзуларини рўёбга чиқараётган, журналистикамиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган экан, демакки, бу инсон доим барҳаёт.

 

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.