кеча ва бугун
Қадимдан аждодларимиз нафақат комил инсон ва маърифатли бўлишган, балки ахлоқий етуклиги, қалбан поклиги, ақл-заковати ва интеллектуал қобилияти билан ўз даврининг муаммоларига ечим топишган. Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган мусиқаларнинг ўрни эса ҳеч қайси даврда ўз мавқеини йўқотмаган...
Ўтмишга Ўгирилиб
Ўрта аср шарқ мусиқа маданиятининг энг йирик намояндаси Абу Наср Форобий забардаст бастакор ҳамда уд, танбур, ғижжак, най каби асбобларнинг моҳир ижрочиси бўлган. Форобий ўткир диди ва ажойиб мусиқий қобилияти туфайли ўрта ва яқин шарқда яшовчи турли халқларнинг мусиқа маданияти билан яқиндан таниш эди. Аллома соз чалар, куй ижро этиб, одамларга кучли таъсир берар, гоҳо жўшқин кишиларни хомуш аҳволга солар, баъзан эса зийракларни ухлатарди. Илмда эса у оламшумул аҳамиятга эга асарлар ижод этиб, мусиқашунослик тарихида сўнмас из қолдирди.
Шарқ табобатининг буюк асосчиси, мутафаккир Абу Али ибн Синонинг серқирра илмий меросида ҳам мусиқа муҳим ва салмоқли ўрин тутади. Ибн Сино ўзидан олдин ўтган юнон файласуфлари Аристотел, Птоломей, Эвклид, шунингдек, Хоразмий, Киндий ва Форобий асарларини ижобий ўзлаштириб, мусиқа илмида мустақил таълимот яратди.
Буюк табиб мусиқа илмини ёшлигиданоқ пухта эгаллаган. Бу даврда Бухорода ва кейинчалик Ибн Сино яшаб ижод этган Урганч, Рай, Ҳамадон каби марказий шаҳарларда бастакорлар, устоз хонанда ва созандалар ижодининг барқ уриши, мусиқа тафаккурининг юксак намуналаридан бўлган мақомларнинг жорий қилиниши бу соҳа ривожига катта йўл очди. Аллома асарлари бу борада бебаҳо аҳамият касб этади. Унинг «Тиб қонунлари», «Нажот» ҳамда «Ишқ рисоласи» китобларида ҳам мусиқага тегишли маълумотлар берилган.
Ибн Сино меросидан йирик мусиқашунослар Абу Мансур ибн Зайла, Сафиуддин Урмавий, атоқли олимлар Винченцио, Галилей ва Жузеппо Салионлар илҳом олган. Чолғу асбобларини ҳам кенг ўрганган табиб одам овозини энг мукаммал мусиқий восита деб билган ва бошқа чолғу асбобларини шунга қиёс қилиб ўрганган. Унинг энг севган мусиқа чолғуси ғижжак бўлган.
Амир Темур ва санойи нафиса
Амир Темур давридаги ҳарбий юришлар натижасида турли мамлакатлардан келтирилган ҳунармандлар, олимлар, хонандаю созандалар шаҳар маданиятининг ўсишига катта ҳисса қўшдилар ва санойи нафиса билан қизиқувчи ёшларга ўз ҳунарларини ўргатдилар. Амир Темур томонидан отда чопиш, кураш, найзабозлик, қиличбозлик, ёяндозлик ва бошқа ҳарбий ўйин мусобақалари ҳамда кўпкариларининг ҳар томонлама тақдирланиши ҳарбий мусиқа, айниқса, очиқ ҳавода ижро қилинадиган дамли ва зарбли чолғуларнинг аҳамиятини оширди, маҳоратли созандаларнинг етишиб чиқишига кенг йўл очиб берди. Бундай катта тантаналар Ҳирот, Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарларда «тарабхона», «томошагоҳ», «сайилгоҳ» каби майдонларда ўтказилган. Томоша ёки сайил бошланишидан олдин сурнай, карнай, тобил, ноғоралардан ташкил топган гуруҳ ижросида «Оломон йиғар», «Шодиёна», «Баҳри тобил» ва шуларга ўхшаш аҳолини йиғинга чорловчи куйлар чалинган.
Амир Темур ҳарбий мусиқа турларини қўшинларнинг жанговарлик руҳиятини олий даражада сақлаб турувчи куч деб билган ва унинг ривожига катта эътибор берган. У тарихда биринчи бўлиб, аскарларни жанговар байроқлар ва мусиқа чолғу асбоблари билан тақдирлаш одатини ҳарбий удумга киритади.
Шуниси эътиборлики, Амир Темур лашкарида мусиқа чолғулари фақатгина маънавий рамзиёт ҳисобланмасдан, балки кўпроқ ҳарбий матонат, шижоат нишони, жангчиларнинг табақа ва мартабаларини кўрсатувчи ҳарбий даража белгиси сифатида қадрланган. Амир Темурнинг мусиқа санъатини юқори даражада баҳолаши, чолғулардан ҳарбий нишон, жасорат рамзи сифатида фойдаланиши жаҳон мусиқа санъати тарихида мислсиз воқеа сифатида баҳоланганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Юз йилда юзага келган
Дамли чолғулар оркестрининг ташкил топиши ва ривожланиши ҳарбий тарих билан чамбарчас боғлиқдир. Ундан асосан ҳарбий мақсадларда, яъни ҳарбий маросимларга алоқадор мусиқалар ижро этилганда ва жанговар ҳаракатларда фойдаланилган.
Мусиқа чолғулари оркестр таркибидан жой олишдан аввал жуда мураккаб ривожланиш жараёнини босиб ўтди. Отлиқ қўшинларда трубалар ва литавралардан, пиёда қўшинларда эса флейталар ва барабанлардан фойдаланилган. Айнан мана шу кичик ансамбл гуруҳлари келажакда ҳарбий дамли чолғулар оркестрининг пойдеворини ташкил қилди.
Марказий Осиё минтақасида Бухоро амири Амир Олимхон даврида дастлабки оркестр тузилиб, дамли чолғулар ижрочиларини тарбиялаш йўлга қўйилган.
Дамли чолғуларнинг ҳозирги кўриниши юз йиллар давомида юзага келиб, ўзига хос ва мос репертуари, миллий ҳамда жанрий йўналишлари сабабли турли кўринишдаги таркибий шакллари яратилди.
Ўттизинчи баҳор
Ҳадемай ўзининг ўттизинчи баҳорини қарши оладиган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Алоҳида намунали кўргазмали оркестри тизимдаги оркестрлар ичида етакчи профессионал-ижодий жамоа ҳисобланади. Оркестр мусиқа санъати воситасида ИИВ шахсий таркибини ғоявий, ватанпарварлик руҳида ва маданий-эстетик жиҳатдан тарбиялашга, уларнинг оила аъзоларининг кўнгилли дам олишларини таъминлашга кўмаклашади. Оркестрнинг хизмат-ижодий фаолияти чуқур ғоявий мазмун билан бойитилган ва шахсий таркибнинг жанговар, хизмат ҳамда ижтимоий-сиёсий тайёргарлиги билан узвий боғлиқдир. Ушбу фаолият маданий-маърифий муассасалар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Оркестр репертуарининг асосини юксак ғоявий, қаҳрамонлик ва ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги асарлар ташкил этади.
Оркестрлар хизматининг асосий вазифаси эса Ички ишлар вазирлиги тизимидаги барча оркестрлар фаолиятини мувофиқлаштириш, самарадорлигини ошириш, концерт ва тадбирларда катта жамоа сифатида иштирок этиш каби масалаларни қамраб олади.
Оркестр жамоаси Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси бўйича белгиланган устувор йўналиш ва принциплар асосида ёшларимизни ҳамда ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларни ватанпарвар, жисмонан ва маънан етук, интеллектуал салоҳиятли қилиб тарбиялаш мақсадида янгидан-янги ижод намуналарини тақдим қилишда давом этади.
Муқимжон МАҲМУДОВ,
ИИВ Оркестрлар хизмати бошлиғи, подполковник.
