Маънавият маршрути

Асрлар давомида маърифат маскани сифатида хизмат қилиб келган Саид Оталиқ мадрасаси ХВИ асрда Денов шаҳрида Хожа Алоуддин Атторга атаб бунёд этилган. Халқ орасида шайх Аттори Валий номи билан машҳур бўлган бу зот Баҳоуддин Нақшбанднинг куёви бўлиб, тариқат таълимотини кенг ёйиш учун Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ҳудудига кўчиб келган.

Манбаларда айтилишича, ҳазрат Хожа Алоуддин Аттор нақшбандия тариқатининг улуғ пири, авлиё, «Силсилаи шариф»да ўн еттинчи ҳалқадаги муршид, аллома бўлган. Асл исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорий бўлиб, «Аттор» дейилишига сабаб ул зоти шарифдан ҳамиша хушбўй ҳид таралиб турган, суҳбатлари ҳам ёқимли бўлган.

Алоуддинни ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ўз қарамоғига олиб, таълим беради. Илми, одоби, тарбияси, хулқи билан у устозининг дуосига сазовор бўлади. Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин Деновдаги бир хонақоҳда муридларига таълим-тарбия беради. У милодий 1400 йилда вафот этган.

Саид оталиқ мадрасаси Хожа Алоуддин Атторнинг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил давомида қурилган. Бухоронинг йирик мадрасалари услубида барпо этилган мазкур меъморий обида қурилишига бухоролик меъмор уста Аҳмад Мамат Бухорий бош-қош бўлган.

Икки қаватли катта-кичик ҳужралардан ташкил топган мадрасада миёнсарой, унинг икки ёнида масжид ва дарсхона жойлашган. Мадраса бурчакларига эса гулдасталар ишланган. 40х29.5 метр тархли ҳовлисидаги пешайвонлар сони 2 та. Ҳужралар деразаларига ганчдан панжаралар ишланган.

Ўзига хос лойиҳа асосида бунёд этилган мадраса илм-маърифат маскани сифатида донг таратган. Бироқ узоқ вақт давомида мадраса қаровсиз ҳолда қолиб кетди ва унинг асосий биноларига шикаст етди. Шундан сўнг, юртимизда муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларни қайта тиклаб, зиёрат туризмини ривожлантиришга эътибор қаратилгач, ушбу муаззам маскан қайта реконструкция қилинди. Ҳозирда тарихий обида маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланган.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

«Постда» мухбири.

Сурхондарё вилояти.