Бир қўшиқ тарихи
Азим Муллахонов 1960-йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат санъат институтини тамомлаган. «Келмадинг», «Ота», «Кечалар» сингари 60 дан зиёд қўшиқлар ижрочиси.
Ўзбекистонда ҳамда Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонларига сазовор бўлган. ИИВ Ички қўшинлар таркибидаги «Турон юлдузлари» ансамбли хонандаси сифатида хизмат қилган, истеъфодаги маёр.
Ҳаёт – гулзор, дея, кездим, тиконлари чиқди йўлдан,
На-да тиконлари, турфа илонлари чиқди йўлдан.
Ушбу мисралар қатига жо бўлган ҳаёт сабоғи майин оҳанглар қанотида қалбимизга қуйилар экан, Тоҳир Маликнинг машҳур «Шайтанат» асари ва шу асосда тасвирга олинган бадиий филмнинг Асадбек, Элчин, Зайнаб ва бошқа ўзига хос, бир-бирини такрорламайдиган, характерли қаҳрамонлари, уларнинг тақдир кечмишлари кўз олдимиздан ўтаверади.
«Шайтанат» қўшиғи уч кунда тайёр бўлган»
Тиллардан дилларга кўчиб, санъацевар халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин олган «Шайтанат» қўшиғининг ўзига хос яратилиш тарихи бор. Унинг ижрочиси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов оммавий ахборт воситаларига берган интервюларидан бирида ўзига машҳурлик олиб келган таронанинг яратилиши қандай кечгани ҳақида тўхталиб, «Ёдгор Саъдиев «Шайтанат» қўшиғининг шеърини бериб, «Бешта хонандага бердим, агар кимнинг ижроси яхши чиқса, саундтрек қилиб ўшани оламан», деган. Бу гапдан кейин умидимни ҳам узгандим. Бешта хонанданинг ичида аниқ кимдир зўр айтади, деб беэътибор бўлганман. Аммо Ёдгор ака қўнғироқ қилиб, қўшиқни сўраган. «Бешта хонандага берган бўлсангиз, мен нима қилдим айтиб?!», десам, «Уларни қўявер, мени сенинг ижройинг қизиқтиряпти», деган. Унинг қистови билан ўша куниёқ қўшиқ устида ишлашни бошлаганман. Бу қўшиқ ижодимдаги энг қисқа вақт ичида, яъни уч кунда тайёр бўлган», дея таъкидлайди.
Кўнгил арзитган сатрлар қолади
Борми хайрихоҳим, дедим ва ё ҳамдард?
Муҳаббатнинг Тоҳир Малик, Шукурдайин қурбонлари чиқди йўлдан...
Бу байт қўшиққа кирмаган. Аммо Шукур Қурбон «Шайтанат» асаридаги энг муҳим ғояни ижодкорона қалб билан ҳис этиб, бор ҳаяжон, юрак туғёнларини шеърига жойлаганини англаш қийин эмас.
Шоир ушбу шеъри ҳақида тўхталар экан, «Ўн сатрми, йигирма сатрми, битта қўшиқми, ўнта қўшиқми, агар ҳаёт учун, одамларнинг кўнгли учун арзийдиган бўлиб ёзилган бўлса, унда қолар экан», дея хулоса қилади.
«Биринчи эшитганимдаёқ сеҳрланиб қолдим»
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик «Шайтанат» асари асосида ишланган бадиий филм ҳақида сўз юритганида, ундаги қўшиқларни алоҳида тилга олиб, «Бу масалада Шукур Қурбонга ҳам мурожаат этиб, Элчиннинг тўйда айтадиган қўшиғини Абдулҳамид Чўлпон услубида ёзиб беришни илтимос қилган эдим, бу ҳам кўнглимдагидай бўлди. Билишимча, хонанда Азим Муллахоновга ҳам маъқул келиб, қўшиқ бир кечада яралибди. Мен биринчи эшитганимдаёқ сеҳрланиб қолдим. Зайнабнинг тўйи саҳнаси «Табассум» қаҳвахонасида олинди. Суратга олиш пайтида қўшиқ бир неча бор янгради. Бир маҳал қарасам, қаҳвахона ходимлари йиғлаб ўтиришибди. Бу қўшиқ халқ орасида тез тарқалди, ҳатто тўйларда ҳам айтиладиган бўлдики, буни шоир ва хонанданинг катта ютуғи деб ҳисоблайман», дея ўз мулоҳазаларини ифода этган эди.
Ҳақиқатан ҳам, мазмун-моҳияти тўқ шеър, ҳаёт унган оҳанг, дилбар ижро доим барҳаёт. Шу боис «Шайтанат» қўшиғи ҳам доим ёдимизда.
Шукур Қурбон
ШАЙТАНАТ
Ҳаёт – гулзор, дея, кездим, тиконлари чиқди йўлдан,
На-да тиконлари, турфа илонлари чиқди йўлдан.
Тилинди қалб, шилинди тил, балои нафс бўлди ғолиб,
Қиморга бой берилди ор, пушмонлари чиқди йўлдан.
Кўнгил бердим ёра ногоҳ, ахтариб мен тасаллолар,
Заҳарханда қилди ағёр, ёмонлари чиқди йўлдан.
Замон Ҳаққа тегишли, деб неча фурсат қилдим сабр,
Чектириб оҳ, неча соҳибзамонлари чиқди йўлдан.
Бу бир қисмат, дедим, балки пешонамга ёзилгани,
Худо урган Шайтанатнинг шайтонлари чиқди йўлдан.
Борми бирор хайрихоҳим ва ё ҳамдард? Муҳаббатнинг
Тоҳир Малик, Шукурдайин қурбонлари чиқди йўлдан.
1999-йил.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА
тайёрлади.
