Намангандан Тошкентга борадиган катта йўлнинг ёнгинасида Қамчиқ довонига етмай Фарғона водийсининг энг гўзал гўшаларидан бири Чодак қишлоғи бошланади. Серсув, тоза ҳаво ва тошқин сув келтирувчи бетакрор сой ёқасида жойлашган қишлоқ атрофи эса тоғлар билан ўралган.
Тарихи яқин 4,5 минг йилга бориб тақаладиган Чодак ўзининг бетакрор табиати, қиру тоғлари ва сою жилғалари билан азалдан минглаб сайёҳлар учун севимли маскандир.
Чодакда зардўштийлик ва ислом дини билан боғлиқ жойлар кўп. Қадимий Чодак масжиди ва Исмоил Атойи мақбараси, Чирчир момо зиёратгоҳи, Бобо Юсуфи Ҳамадоний қадамжоси, Шайх Сулаймон Маҳжур мақбараси, Подшо Хўжа мозори, Муғхона, «Келинчак тош» обидалари ҳам айнан шу манзилда.
Бу маконга Балогардон Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг авлодлари кўчиб келиши натижасида ўн тўрт, ўн бешинчи асрларда бу маконнинг сиёсий мавқеи ошиб кетган. Нақшбанд авлодлари Чодак хўжалари асосини ташкил этганлар. Ўн еттинчи асрда Тепақўрғон минглари Чодак хўжаларининг Бухоро жўйбория шайхларига бўлган кучли таъсирларидан фойдаланиб, биргаликда мустақил хонлик ташкил этганлар. Қўқон хонлигига шундай асос солинган. Унинг дастлаб пойтахти Попнинг Тепақўрғонида бўлган.
Чодак бугунги кунда сайёҳлар энг кўп келадиган масканга айланаётганининг сабабларидан бири бу ерда тоғ устига қурилган қалинлиги 10 см.лик шишадан ясалган 500 кг.гача оғирликни бемалол кўтарадиган осма кўприкдир.
Кўприк кучли шамол ва ёмғирга дош беради. Айниқса, ёз жазирамасида муздек ҳаводан баҳраманд бўлиш учун бу ерга кўплаб дам олувчилар ташриф буюрадилар.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА тайёрлади.
Суратлар муаллифи: Шоҳрух КЕНЖАЕВ.
