Бухоро шаҳридаги олимпия захиралари спорт коллежида спортнинг барча тури бўйича ҳар йили ўнлаб Ўзбекистон, Осиё ҳамда жаҳон чемпионлари етишиб чиқяпти. Уларнинг аксарияти айни пайтда юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш мақсадида осойишталик посбони бўлиб хизмат қилиб келишмоқда. Вилоят ИИБ ТВБСО 1-ишғол қилиш гуруҳи катта мутахассис ўқчиси, кичик сержант Убайдулло Мўминов шулардан биридир.
У.Мўминов уч йилдирки, шу лавозимда хизмат қилади. У коллежда ўқиган ва мураббийлик қилган пайтлари самбо бўйича беш марта республика чемпиони, жаҳон кубогида учинчи ўрин ғолиби ҳамда бир неча турнирлар совриндори бўлиб, спорт устаси унвонини олди. Шунингдек, ички ишлар органларидаги фаолияти давомида ИИВ кубоги мусобақаларида фаол қатнашиб, ҳар йили фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Ўтган йили Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл шаҳрида ўтказилган самбо бўйича жаҳон кубогида бронза медални қўлга киритди. Куни кеча Тошкент шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган самбо бўйича Ўзбекистон чемпионатида 71 кг вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.
Лавҳа қаҳрамони ғолиблик билан биргаликда, 2024-йил июл ойида Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида қатнашиш учун йўлланмани ҳам қўлга киритди. Ишонамизки, у Ватанимиз байроғини яна бир карра баланд кўтаради. Биз унга “Бўш келма, Убайдулло! Ғалаба ҳамиша ёр бўлсин” деб қоламиз.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
