Моҳир чарм қўлқоп устаси Исроил Мадримов ҳақида сўз кетганда, кўпчилик аввало унинг кучли зарбалари, тезлиги ва юқори техникасини эътироф этади. Айнан шу жиҳатлар спортчини профессионал бокснинг энг истиқболли вакилларидан бирига айлантирди. Мадримовни бошқалардан ажратиб турадиган томони фақат жисмоний кучи ёки техникасида эмас, балки интизоми ва босиқлигида. 

Тошкент вилояти ИИББ ТВБСО ходими, маёр Исроил Мадримовнинг яна бир ўзига хос, эътиборли жиҳати шундаки, у ғалабаларни ортиқча эҳтиросларга берилмасдан, оддийлик ва камтарлик билан қабул қилади. Бокс бўйича Осиё чемпиони ва Осиё ўйинлари ғолиби, WБА версияси бўйича собиқ Жаҳон чемпионига бир нечта саволлар билан мурожаат этдик.

– Рингга чиқишдан олдин Исроил Мадримов кўпроқ нимадан қўрқади? 

– Ҳар бир жанг ортида катта масъулият, Ватан шаъни ва халқнинг дуоси туради. Мен рақибдан эмас, халқимнинг ишончини оқлай олмасликдан қўрқаман. Рингга чиққанимда, фақат ўзим учун эмас, бутун Ўзбекистон номидан жанг қилаётганимни ҳис қиламан. Шу сабаб энг катта қўрқувим – мухлисларимнинг ишончини оқлай олмаслик. 

– Ўзбек ўғлони сифатида жаҳон ареналарида нималарни ҳис қиласиз?

– Аксар инсонлар каби мен ҳам туғилиб ўсган диёрим билан ғурурланаман. Зеро, асрлар давомида бу заминдан не-не буюк алломалар, жасур ва мард инсонлар етишиб чиққан. Ана шундай юрт вакили сифатида зиммамда доимо масъулият юки бўлади. 

– Ҳаётингизда қай бири сизнинг ўсишингизга кўпроқ сабаб бўлган: ғалабами ёки мағлубиятми?

– Албатта, ғалаба инсоннинг кейинги ютуқларга бўлган иштиёқини, интилишини кучайтиради. Мен мағлубиятни тушкунлик сифатида эмас, балки ўз камчиликларимни кўриш ва англаш, улар устида ишлаш имконияти деб қабул қиламан. Айрим ҳолатларда мағлубият инсонни ғалабадан кўра кучлироқ тарбиялайди.

– Ринг сизни кучлантирдими... 

– Сизга айцам, ринг мени ҳаётга тайёрлаган катта мактаб бўлди. Мен рингда нафақат жанг қилишни, балки сабр-тоқатли, босимга бардошли бўлишни ва йиқилгандан кейин яна оёққа туришни ўргандим. Бугун ҳаётда ҳам бу сабоқларнинг фойдасини кўряпман. Ҳар қандай зарбани матонат билан қабул қилиш ва ундан тўғри хулоса чиқаришни менга айнан спорт ўргатди.

– Бокс туфайли нимадандир воз кечишга тўғри келганми? Сиз ҳеч кимга айтмаган ва четда қолган орзуларингиз бўлганми? 

– Спорт катта меҳнат ва интизомни талаб қилади. Вақт етишмаслиги ва тинимсиз машғулотлар сабаб болаликда оддий қувончлар, ўйин-кулгу, байрамлар, оилавий давралардан четда қолган пайтларим бўлган. Тенгдошларим ҳордиқ чиқараётган вақтда мен залда машқ қилардим. Айрим паллаларда болалигим машаққат ва меҳнатдан иборатдек туюларди. Аммо бугун ортга назар ташлаб, ўша қийинчиликлар бежиз бўлмаганини англайман.

– Сизнинг моҳир боксчи сифатида ютуқларга эришишингизда жамоанинг ўрни қандай бўлган?

– Жамоа, мураббий, ота-она ва яқинларнинг қўллаб-қувватлаши спортчига катта куч беради. Агар шу омиллардан бири етишмаса, бу нафақат натижага, балки инсоннинг руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, жамоадаги муҳит спорт пиллапоясидан кўтарилишда ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис жамоада соғлом муҳит, ўзаро ишонч, ҳурмат ва ягона мақсад сари умумий интилиш бўлиши керак. Ана шундагина юқори натижаларга эришиш мумкин. Жамоамиздаги спортчилар бир-бирини яхши тушунади, доимо қўллаб-қувватлайди. Феъл-атворимиз, қизиқишларимиз ҳам ўхшаш, яқин. Шунинг учун жамоадаги аҳиллик ва бирдамлик ҳар бир муваффақиятимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

– Барчамизга маълум, Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Шу ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз. 

– Футбол – бу нафақат спорт, балки бутун халқни бирлаштирадиган, юрт шаъни ва ғурурини дунёга намоён этадиган катта майдон. Айниқса, терма жамоамиз сафида иқтидорли футболчилар – тенгдошларимиз ва курсдошларимиз Жалолиддин Машарипов ҳамда Жамшид Искандаровларнинг борлиги менга алоҳида фахр ва қувонч бахш этди. Бундан ташқари, Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов каби футболчиларимиз ҳамиша миллий терма жамоамиз ривожи, юрт шарафи ва мухлислар ишончи учун майдонда бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилиб келишмоқда. Уларнинг меҳнати, жасорати ва ватанпарварлиги ҳар биримиз учун ибрат. Бир сўз билан айтганда, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига чин қалбимдан омад, юксак муваффақиятлар тилайман. Ишонаманки, улар юртимиз байроғини янада баланд кўтариб, Ўзбекистонга муносиб ғалабалар билан қайтишади.

– Сиз ғолиб бўлган қайси жанг хотирангизда алоҳида из қолдирган? 

– Ҳар бир ғалабанинг ўзига хос ўрни бор. Бироқ 2018-йилги Осиё ўйинлари алоҳида эсда қолган. Ўша пайт Ватан байроғини баланд кўтариб чиқиш менга катта шараф ва ифтихор бағишлаган. Шунингдек, профессионал боксда жаҳон чемпиони бўлганим ҳам унутилмас лаҳзалардан бири. Ўша жангдан кейин кўп йиллик меҳнат ва машаққатларимизнинг самарасини ҳис қилганман. Бу туйғуни сўз билан ифодалаш жуда қийин.

– Бир кун рингни тарк эцангиз, одамлар сизни қандай инсон сифатида эслашини хоҳлардингиз? 

– Ҳар бир спортчи вақти келиб рингни тарк этади. Лекин инсонийлик қолади. Мен одамлар қалбида яхши инсон, Ватанга нафи теккан спортчи сифатида қолишни истайман. Мен учун энг катта ютуқ ҳам аслида шу. 


Нилуфар ЖАББОРОВА 

суҳбатлашди.