Касб фидойиси

Бухоро заминидан жуда кўп машҳур полвонлар, спортчилар чиққан ва уларнинг издошлари тобора кўпаймоқда. Вилоят ИИБ ТВБСО гуруҳ командири, лейтенант Жаҳонгир Жумаев шулардан биридир.

2010 йил Жаҳонгир Навоий шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган республика биринчилигида мутлақ ғолиб бўлиб, илк олтин медалини қўлга киритди ва Ўзбекистон чемпиони номига мушарраф бўлди. Шу-шу ҳар йили республика биринчиликларида қатнашиб, олтин медаллар шодасини ошираверди. Унинг чемпион бўлишида мураббийлари Жамшид Муродов ҳамда Темур Ғиёсовларнинг хизматлари катта.

– Болаликда икки нарсани орзу қилган эдим. Бири Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтариш бўлса, иккинчиси юртимизнинг тинчлигини, осойишталиги таъминлаб, Ватан посбони бўлиш эди. Шу мақсадда 2012 йили вилоят ички ишлар бошқармасига ҳужжатларимни топширдим ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, иккинчи ниятимга ҳам эришдим, – дейди лавҳамиз қаҳрамони ғурурланиб.

Жаҳонгир бир неча карра жаҳон чемпиони, 2018 йил Москва шаҳрида ўтказилган спортнинг “қўл жанги” тури бўйича WТКС камари соҳиби бўлди. У “қўл жанги”, “аралаш жанг якка кураши” ҳамда “жанговар самбо” бўйича Ўзбекистон Республикаси терма жаомаси таркибига киритилган. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг “Спорт устаси” ва “Халқаро тоифадаги спорт устаси” даражаларига эга бўлган. Қолаверса, ҳукуматимиз ҳамда Иивнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Иивнинг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони ва икки маротаба қимматбаҳо қўл соатини олди, “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган.

Яқинда, аниқроғи, 18 май куни Бирлашган Араб Амирлигининг Абу-Даби шаҳрида ўтказилган аралаш жанг санъати туркумига кирувчи “УАЭ WАРРИОРС 50” халқаро мусобақасида собиқ УФC жангчиси португалиялик Андре Фиалионини 1-раунддаёқ нокаут қилиб, мутлақ ғалабани қўлга киритди. 

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.