Наманган муҳандислик-қурилиш институти спорт залида волейбол бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасининг вилоят босқичида 17 ёшгача бўлган ўғил ва қизлардан иборат, вилоят, шаҳар ва туманларнинг 13 та жамоаси ғолиблик учун беллашдилар.

Ўғил болалар ўртасида Мингбулоқ тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Наманган шаҳри волейболчилари шоҳсупанинг иккинчи, Янгиқўрғон тумани жамоаси учинчи поғонасини забт этдилар.

Қизлар жамоаларида ҳам мусобақалар қизиқарли ўйинларга бой бўлди. Вилоят шарафини республика ва халқаро мусобақаларда муносиб тарзда ҳимоя қилиб келаётган янгиқўрғонлик волейболчи қизлар ҳал қилувчи баҳсда Уйчи тумани жамоасини 2:0 ҳисобида енгиб, Ўзбекистон терма жамоаси таркибига муносиб номзодлар захирасини шакллантираётганлигини исботлашди. Учинчи ўрин учун ўтказилган беллашувда Наманган тумани жамоаси ғолиблик шоҳсупасидан жой олишди.

Ғолиб жамоалар вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва медаллар билан тақдирланди. Вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган икки жамоа эндиликда вазир кубоги учун курашни водий вилоятлари вакиллари иштирокидаги ҳудудий босқичда давом эттиришади.

Г. БУВАМИРЗАЕВА,

ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.