Вазирлик Касбий тайёргарлик бошқармаси ҳамда Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида ташкил этилган биринчиликда 80 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашди. Етти турдан иборат мусобақа якунига кўра, аёллар ўртасида Наманган вилояти Чуст тумани ИИБ ҲПБ Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи, лейтенант Гулҳаё Шокаримова шатранж маликаси эканлигини исботлади. Финалда рақибидан бироз ортда қолган Фарғона вилояти Бешариқ тумани ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, маёр Лайло Ҳазратқулова иккинчи, Навоий вилояти ИИБ М ва ФРБ муҳим топшириқлар бўйича инспектори, маёр Дилдора Тўраева учинчи поғонани забт этди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси сафдор ходими, сафдор Жавоҳирбек Маҳмудов биринчи ўринни, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 4-минтақавий ҳудуди 3-сонли ЖИЭК даволаш-профилактика ёрдам кўрсатиш бўлими шифокори, маёр Шерали Худойназаров иккинчи, Қашқадарё вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими сафдор ходими, сафдор Ўлмас Санақулов учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа ғолиблари совғалар билан рағбатлантирилди. Вазирлик терма жамоаси таркибига қабул қилинган юқоридаги пешқадамлар сентабр ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида ўтказиладиган спартакиадага тайёргарликни бошлаб юборишди.
Михли САФАРОВ,
«Постда» мухбири.
