Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимизда волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган йигитлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати илк бор ўтказилмоқда. Мазкур нуфузли мусобақада 24 та давлатдан 288 нафар ёш волейболчи қатнашмоқда.
Чемпионат доирасида баҳсларни адолатли ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида 56 нафар халқаро ва 50 нафар маҳаллий ҳакамлар, шунингдек, 80 нафар техник мутахассис жалб этилган. Мусобақада иштирок этувчи жамоалар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда чемпионлик учун кураш олиб боришмоқда.
Кеча Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ушбу учрашувда Туркия жамоаси устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Юртдошларимизнинг мазкур ғалабаси, уларнинг юқори спорт маҳоратини намоён этди. Бугун 17:00да Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўйин бўлиб ўтади. Ватандошларимизга омад тилаб қоламиз.
