Алпомиш авлодидан бўлган асли бойсунлик курашчи Музаффарбек Тўрабоевнинг кетма-кет эришаётган муваффақиятларини кўриб, отаси – миллий кураш бўйича Ўзбекистон ва жаҳон чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Тоштемир Муҳаммадиевнинг қалби ғурур ва ифтихорга тўлгани шаксиз.
Болалик чоғларидан мазкур спорт тури билан шуғулланиб келаётган Музаффарбек бугунги кунгача юртимиз ва халқаро доирадаги турли мусобақаларда 30 дан ортиқ медал ва кубокларни қўлга киритиб, ўзининг нақадар маҳоратли спортчи эканлигини барчага намойиш этди.
У илк беллашувда қозоғистонлик Нурлихан Шархан билан куч синашиб, рақибини қисқа фурсатда «иппон» баҳоси билан мағлуб этди. Чорак финалда Нидерландия вакили Михаил Коррелни ҳам доғда қолдирди. Фақат ярим финалда озарбайжонлик Зелим Косоевга имконият бой берилди.
– Мураббийларим билан ўтган машғулотларда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига қўлдан келганча тайёргарлик кўрдик, – дейди олимпиада совриндори Музаффар Тўрабоев. – Биз спортчиларга барча шароитларни яратиб бераётгани учун муҳтарам Президентимизга миннатдорлик билдираман. Ва ишонтириб айтаманки, кейинги Олимпия ўйинларида, албатта, ғолиб бўламан!
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
