Фарғона вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядининг катта мутахассис-ўқчиси, сафдор Лазизбек Муллажонов бокс бўйича кўплаб халқаро мусобақаларда зафар қучиб, юртимиз байроғини баланд кўтариб келмоқда.
Ўтган 2021 йилнинг 18-25 сентябр кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ҳарбийлаштирилган тузилмалар ходимлари ўртасида бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида 91+ кг вазн тоифасида 1-ўринни эгаллаган эди.
Шу кунларда қаҳрамонимиз Болгарияда бўлиб ўтаётган халқаро бокс турнирида ҳам муваффақиятли иштирок этиб келяпти. София шаҳрида ўтказилган ушбу чемпионатда Лазизбекдан ташқари бир қанча ўзбекистонлик спортчилар ҳам муваффақиятли иштирок этиб совриндор бўлишди.
Кеча эса турнирнинг якуний жанглари бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Лазизбек Муллажонов финал баҳсида германиялик Нелвие Тиаффакка қарши жанг қилди ва 5:0 ҳисобида ғалабага эришди. Шунинг билан терма жамоамиз ҳисобида олтин медаллар сони 6 тага етди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
