Ички ишлар органларининг ППХ саф бўлинмалари шахсий таркибининг касбий тайёргарлигини такомиллаштириш, билим савиясини ҳамда хизмат ва жанговар шайлигини ошириш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар мунтазам ташкил қилиб келинмоқда. Мазкур хизматнинг 35 ёшдан ошмаган ходимлари ўртасида “Намунали патрулъ-пост хизмати қисм командири” ва “Намунали патрул-пост хизмати ходими” кўрик-танлови шулар жумласидандир.
Беллашувнинг республика босқичи 23–26-ноябр кунлари Бухоро вилоятида ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти ИИББ, вилоятлар Иибнинг ППХ бригада ва баталъонлари вакиллари қатнашди.
Мусобақанинг биринчи кунида ИИВ Малака ошириш институти Бухоро филиалида тест синовлари қабул қилинди. Иккинчи куни вилоят ИИБ ППХ баталъонида спорт тўсинида тортилиш баҳсларига старт берилиб, Бухоро спорт мажмуасида иштирокчилар 100 ва 3000 метр масофага югуриш бўйича баҳслашишди. ППХ баталъони саф майдонида эса саф тайёргарлиги бўйича синовлар қабул қилинди. Баталъоннинг спорт залида “қўл жанги” бўйича кўникмалар назоратдан ўтказилди. Тадбирнинг учинчи куни “Дилкушо” спорт мажмуасининг сув спорт саройида 50 метрга сузиш бўйича энг кучлилар аниқланди. Шунингдек, баталъон ўқ отиш тирида бўлиб ўтган жанговар тайёргарлик бўйича синовларда табелъ қуролидан ўқ отиш мусобоқаси ҳам қизғин руҳда ўтди.
Якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни Сурхондарё, 2-ўринни Жиззах вилояти жамоаси эгаллаган бўлса, шоҳсупанинг энг баланд поғонасини Бухоро вилояти ИИБ вакиллари қўлга киритишди. Жамоавий ҳамда шахсий биринчиликда ғолибликни қўлга киритган ходимлар диплом, медалъ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шуҳрат ЖАЛОЛОВ,
подполковник.
Бухоро вилояти.
