ИИВ Фарғона академик лицейи 1-босқич ўқувчиси Нодирабегим Каримова болалигидан спорт билан дўст тутинган ёшлардан бири. Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз 5 ёшидан таэквондо тўгарагига қатнаб, устози Комил Ураимовдан спорт сирларини пухта ўрганмоқда.

Ўз устида тинимсиз ишлаб, устозлар сабоғини олган ёш спортчи таэквондо бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олмоқда.

Нодирабегим спортнинг хапкидо тури бўйича ҳам ўз маҳора­тини ошириб, мусобақаларда фаол қатнашаётир. Жумладан, шу йил июн ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида юқори ўринларни забт этди.

Жорий йилнинг 24–27-ноябр кунлари ёш ва умидли спортчи яна бир нуфузли мусобақада ғолиб бўлди. Тошкент шаҳрида хапкидо бўйича болалар, ўсмирлар ва катталар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида иштирок этиб, 70 кг вазн тоифасида 1-ўринни эгаллади.

– Ўрта мактабни тамомлагач, таълим олиш учун бежиз Ички ишлар вазирлиги академик лицейини танлаганим йўқ, – дейди Нодирабегим. – Спорт билан шуғулланиш асносида, ҳуқуқий билимларимни ҳам ошириб, келажакда ички ишлар органлари сафида хизмат қилишни хоҳлайман.

Халқаро мусобақадан қайтгач, лицей маъмурияти Нодирабегимни эришган ғалабаси билан қутлади ва тенгдошлари олқиши остида диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Постда» мухбири.

Фарғона вилояти.