ИИВ Наманган академик лицейининг 1-босқич ўқувчиси Гулруҳ Илҳомжонова теран фикрли, илғор ёшларидан бири. Гулруҳ лицейга қабул қилингунга қадар спортда катта натижаларни қўлга киритган.

Давлатобод туманидаги сув спортига ихтисослаштирилган «Ёшлик» спорт мактабига сузиш бўйича тўгаракка борганида етти ёшда эди. Тажрибали мураббий Мақсуда Раҳматова кўзларидан шижоат ёғилиб турган қизчани кўрди-ю, ундан албатта яхши спортчи чиқишига ишонч пайдо бўлди. 

Инсоннинг ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, ўша дақиқаларда катта ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Мураббий билан учрашув Гулруҳ ва унинг онаси Умида қалбига катта орзуларни солди. Шу кундан эътиборан она фарзандини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. 

Эпчил, кучли ирода соҳибаси Гулруҳ билан мураббий астойдил шуғулланди. Спортчи қиз бир йилдаёқ мусобақаларда иштирок этиб, яхши натижаларни қўлга кирита бошлади. 2013-йилда синх­рон сузиш федерацияси терма жамоаси аъзоси бўлди.

Аввал жамоа йўналишида турнирларда иштирок этган бўлса, дуэт йўналишида шериги билан бир неча бор чемпионатларда совриндор бўлди. Эсда қоларли, ҳис-ҳаяжонга тўла ғалабалари 2014-йилда бошланган эди. Шу йили синхрон сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионатида 3-ўрин, 

2015-йилда дуэт йўналишида 2-ўрин, кейинги йили соло йўналишида фахрли 1-ўринни эгаллади. 2017-йилда Таиландда ўтказилган жаҳон чемпионатида соло йўналишида бронза медалъ соҳибаси бўлди. Ҳозирда Гулруҳ Илҳомжонова Наманган вилоятида сув балети спорти бўйича ягона сув балеринаси ҳисобланади.

У ҳозирда бор эътиборини ИИВ Академиясига ўқишга киришга қаратган. Устозлари, ҳуқуқ фани ўқитувчиси Акмал Турсунпўлатов, она тили ва адабиёт муаллимаси Феруза Аҳмедова, психология фани ўқитувчиси Содиқжон 

Жўраев, синф раҳбари Гулнора Инамованинг қўллаб-қувватлаши уни руҳлантирмоқда. 

Гулруҳнинг ижодкорлик қобилияти алоҳида мавзу. Яхши рассом, шеърий машқлари ҳам бор, раққосалик ва нотиқлик қобилиятига эга. Лицейдаги тадбирларда бошловчилик қилиб ҳам туради.

Орзу борки, интилиш бор. Ҳар қандай машаққатлар сабр, бардош ва меҳнат билан енгилади. Биз ҳам қатъият билан мақсадлари сари интилаётган Гулруҳнинг парвозлари баланд бўлишига ишонамиз. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЭВА,

«Ростда» мухбири.

Наманган вилояти.