Жорий йилнинг 28-октабридан 2-ноябр кунига қадар Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуаси нуфузли мусобақага мезбонлик қилди. Ички ишлар органларининг таркибий тузулмалари ва ҳудудий бўлинмалари терма жамоалари ўртасида спортнинг самбо ва жанговар самбо турлари бўйича Ички ишлар вазири кубоги мусобақалари юқори савияда ўтказилди.
Ушбу спорт мусобақаси соҳа ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш билан бирга, улар ўртасида спортни оммалаштириш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Якуний натижаларга кўра, самбо спорт тури бўйича Жазони ижро этиш департаменти жамоаси 1-ўринни, Бухоро вилояти ИИБ жамоаси 2-ўринни, Навоий ҳамда Сурхондарё вилояти ИИБ жамоалари 3-ўринни қўлга киритди.
Жанговар самбо бўйича Навоий вилоят ИИБ жамоаси 1-ўринни, Самарқанд вилояти ИИБ жамоаси 2-ўринни, Фарғона вилояти ИИБ ҳамда Жазони ижро этиш департамени жамоалари 3-ўринни эгалладилар.
88 килограм вазн тоифасида жанговар самбо бўйича иштирок этган Жазони ижро этиш департаменти ходими, лейтенант Соҳибжон Ҳасанбоэв “Энг яхши техника устаси” деб топилган бўлса, 71 килограмм вазнда қатнашган ИИВ Академияси курсанти Жумадилла Саттаров “Энг ёш иштирокчи” бўлди.
Тошкент вилояти вакили 37 ёшли катта сержант Зиёд Ҳакимбоэв эса “Энг ёши катта иштирокчи” номинасияси бўйича тақдирланди. 71 килограм вазнда қатнашган сафдор Дилшодбек Юлдашев эса ғалабага бўлган интилиши учун муносиб рағбатлантирилди.
Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраэв, вазирлик Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғининг ўринбосари, полковник Ҳамза Махсумов, Ўзбекистон самбо ассосиасияси раиси Алишер Алимов иштирок этиб, спортчиларни самимий муборакбод этди.
Ғолиб жамоа ва юқори натижа кўрсатган спортчиларга Ички ишлар вазири кубоги, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.