Кун қаҳрамони
Салим Исаков 1989 йилда Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилган. Ёшлигидан масъулияти оғир, аммо шарафли касбга меҳр қўйган қаҳрамонимиз хизматни Самарқанд вилояти ИИБ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига бевосита бўйсунувчи патрул-пост хизмати баталони иккинчи отрядида бошлаган. Кейинчалик Мудофаа Вазирлиги марказий-ҳарбий округи сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида касбий салоҳиятини ошириш мақсадида таълим олган. Ҳозирда Самарқанд вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ бўлинмалари патрул-пост хизмати баталони ходими, “Эзгулик патрули” махсус гуруҳи командири лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Сержант Салим Исаков жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек муҳим вазифанинг ўзи етакчилик қилаётган гуруҳ ходимлари томонидан ҳамиша ҳушёрликда, тўғри ва сифатли ташкиллаштирилишига ҳаракат қилади. Айниқса, оммавий тадбирларнинг кўнгилдагидек ўтишида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга алоҳида эътибор қаратади. У касбга садоқати ва фидойилиги билан ҳамкасбларининг ишончини қозониб, бир неча бор раҳбарият эътирофига сазовор бўлган.
Фидойи ходим коронавирус пандемияси вақтида кўрсатган ибратли фаолияти учун ўтган йилда “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
“Постда”мухбири.
Самарқанд вилояти.
