Хабар берганимиздек, Самарқандда “Тўмарис издошлари” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда.
Танлов доирасидаги спорт мусобақаларида жамоалар чаққонлик ва моҳирликларини намоён этишди. Хусусан, 800, 400, 200 ва 100 метрга эстафетага югуриш, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш ва эркин услубда 50 метр масофага сузиш шартлари ҳам қизиқарли жараёнларга бой бўлди. Муросасиз кечган беллашувларда аёл ходималарнинг спорт машғулотларида нечоғлик маҳоратли, эпчил ва тезкор эканликлари акс этди.
Жанг майдонида яраланганда биринчи тез ёрдам кўрсатишда ходималарнинг тиббий билим ва кўникмалари ҳам синовдан ўтказилди.
Югуришда ҳам жамоалар рақибларини ортда қолдириб ғолиблик сари ҳаракат қилишди. Эркин услубда сузиш бўйича ҳам иштирокчиларнинг маҳорати эътирофга сазовор бўлди.
Шижоат, илдам ҳаракат ва муваффақият. Ғолиб бўлиш учун ҳар бир жамоада ана шундай иштиёқ бор. Спорт мусобақалари иштирокчиларнинг жисмоний фаоллигини ошириб, ирода ва матонатини синовдан ўтказиш билан бир қаторда ўзаро дўстлик ришталарини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ғолиблар танловнинг якунида эълон қилинади.
Танлов доирасидаги беллашувлар давом этмоқда.
