Инсон ўз ҳаёти давомида саломатлигини сақлаш учун соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда яшамоғи керак. Афсуски, сўнгги йилларда кўплаб юқумли касалликлар пандемия даражасига етиб, инсоният синовли кунларни бошидан ўтказди.

Турли кўринишдаги касалликларнинг олдини олишда инсон организмида иммунитет тизими баланд бўлиши муҳим. Организмда иммунитет тизимини кўтариш учун эса қуйидагиларга амал қилиш тавсия этилади:

1. Соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилинг! Кун давомида оз-оздан 4-5 маротаба овқатланиш, камида 400 гр. мева ва сабзавотлар, кўкатлар истеъмол қилинг. Таркибида ёғ, қанд ва туз миқдори кўп бўлган маҳсулотларни чекланг. Кечки овқатни соат 19:00 дан кечиктирманг.

2. Жисмоний фаолликни оширинг! 10–15 дақиқалик эрталабки бадантарбия машқларини бажаринг. Кун давомида камида 30 дақиқалик жисмоний машқ қилинг. Кечки сайрга чиқинг. Имкон қадар спортнинг бирор тури билан шуғулланинг.

3. Тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилишдан йироқ бўлинг! Зарарли одатлар саломатликка путур етказади ва умрни қисқартиради.

4. Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинг! Қўлларингизни овқатдан олдин ва кейин, кўчадан уйга кирганда ва ҳожатдан сўнг, албатта, совунлаб ювинг.

5. Кунига 7–8 соат ухланг.

6. Йилда бир маротаба оилавий шифокор кўригидан ўтинг.

Юқорида келтирилган тавсияларга амал қилиш одам иммунитетини кўтарилиши ва касалликларнинг ўз-ўзидан чекинишига замин ҳозирлайди.

Рустам ДАМИНОВ,

Қашқадарё вилояти ИИБ ДПМ Тиббиёт бўлими СЕНМ бошлиғи, маёр.