Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги «Боғистон» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Балиқликўл» зиёратгоҳи асрлар оша халқнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаб келаётган қадамжолардан бири ҳисобланади. 2019-йилда Ўзбекистон моддий маданий меросининг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган мазкур мажмуа нафақат тарихий ёдгорлик, балки юксак руҳий қадриятларни ўзида мужассам этган ноёб маскандир. Унинг илк шаклланиш даври ХИХ аср – аниқроғи, 1863-йил билан боғланса-да, ривоятлар ва археологик қарашлар бу ҳудуднинг илдизлари янада қадим – ХИИ–ХИИИ асрларга бориб тақалишини кўрсатади.
Бу зиёратгоҳ, энг аввало, ислом оламида катта ҳурмат ва муҳаббатга сазовор бўлган зот – Султон Увайс Қароний номи билан чамбарчас боғлиқ. Унинг шахсияти, ҳаёти ва руҳий мероси нафақат тарихий манбаларда, балки халқ оғзаки ижодида ҳам кенг ёритилган.
Ғойибона муҳаббат тимсоли
Султон Увайс Қароний Яманнинг Қаран қишлоғида оддий чорвадор оиласида туғилиб ўсган.
Ривоятларда келтирилишича, у онасига хизмат қилишни ҳаётининг энг олий бурчи деб билган. Ҳатто Пайғамбаримиз билан учрашиш имконияти туғилганда ҳам, онасининг рухсатини чекланган шарт билан олган: агар у зотни уйда топмаса, қайтиб кетиши керак эди. Увайс Қароний Мадинага келиб, Пайғамбар (с.а.в.)ни тополмай, ваъдасига содиқ қолган ҳолда ортга қайтгани унинг итоати ва садоқатини янада юксак даражага кўтарган.
Мўжизалар маскани
Зиёратгоҳнинг марказий қисми ҳисобланган «Балиқликўл» табиий жиҳатдан ҳам ноёб ҳудуддир. Унинг суви доимо мусаффо, тиниқ ва музламайди. Бу ҳолат ер ости булоқлари билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо халқ орасида бу кўл илоҳий неъмат сифатида қабул қилинади.
Кўлда яшайдиган йирик балиқлар ҳам алоҳида ҳимоя остида. Ривоятларга кўра, уларга озор етказиш мумкин эмас – акс ҳолда, инсонга мусибат етиши ҳақида ишончлар мавжуд.
«Сутли булоқ»
Зиёратгоҳ ҳудудида жойлашган яна бир ноёб жой – халқ орасида «Сутли булоқ» ёки «Сирли булоқ» номи билан машҳур бўлган сув манбайидир. Унинг энг ажабланарли хусусияти – ҳафтанинг маълум кунларида сувнинг сут рангига кириши, кейин эса яна тиниқ ҳолга қайтишидир.
Ривоятларга кўра, бу булоқ Султон Увайс Қаронийнинг дуоси билан пайдо бўлган. У онасини дафн қилиш учун сув тополмаганида Яратгандан ёрдам сўраган ва шу заҳоти ердан булоқ отилиб чиққан. Бугунги кунда ҳам зиёратчилар бу сувни шифобахш деб ҳисоблаб, ундан баҳраманд бўлишади.
Биби Наима она мақбараси
Зиёратгоҳ мажмуасининг ажралмас қисми бўлган Биби Наима она мақбараси Увайс Қаронийнинг онасига бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиромнинг ёрқин рамзи сифатида қаралади. Ушбу мақбара тепаликда жойлашган бўлиб, ривоятларга кўра, Увайс онасининг васиятига кўра, унинг пойига дафн этилган. Бу ўзбек халқининг азалий қадриятларидан бири – онага эҳтиром ва садоқат ғоясини янада мустаҳкамлайди.
Султон Увайс Қароний номи сўфийлик таълимоти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. У кўпинча бу йўналишнинг руҳий илҳом манбаларидан бири сифатида эътироф этилади. Шу сабабли, «Балиқликўл» зиёратгоҳи сўфийлик издошлари учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга маскан ҳисобланади.
Замонавий қиёфа ва туризм салоҳияти
Сўнгги йилларда мазкур зиёратгоҳда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Янги масжид, айвонлар, замонавий меҳмонхона, миллий музей, кутубхона, фавворалар ва дам олиш масканлари барпо этилди. Минтақадаги кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам кенг йўлга қўйилиб, минглаб манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди.
Шунингдек, бу ерда сақланаётган улкан ҳажмдаги қўлёзма Қуръон нусхаси ҳам катта илмий ва маданий аҳамиятга эга. Унинг оғирлиги 21,5 килограмм, 428 саҳифадан иборат бўлиб, Ўзбекистондаги энг йирик мушафлардан бири саналади.
«Балиқликўл» зиёратгоҳи – фақат тарихий ёдгорлик эмас. У инсон қалби, эътиқоди, муҳаббати ва табиат мўжизаларининг уйғунлашган манзилидир. Бу ерда ҳар бир ташриф буюрувчи ўз қалбига яқин маъно топади: кимдир шифо излайди, кимдир тасалли, яна кимдир руҳий юксалиш сари қадам қўяди.
Бугунги кунда ушбу муқаддас маскан нафақат Наманган вилояти, балки бутун Ўзбекистоннинг зиёрат туризмидаги муҳим нуқталаридан бирига айланган. Унинг шон-шуҳрати эса кун сайин кенгайиб, дунё бўйлаб зиёратчиларни ўзига чорламоқда.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,
ўз мухбиримиз.
