Соат 20:00. Туман Ииофмбда шахсий таркибнинг навбатдаги хизматолди йўриқномасида «Хавфсиз пойтахт» консепсияси доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Йўриқнома якунлангач, ҳар бир соҳавий хизмат ходимлари ўзларига бириктирилган ҳудудларга сафарбар этилди, биз эса тунги хизматнинг қайноқ жараёнларини кузатиш учун уларга ҳамроҳлик қилдик.
Ҳар бир ҳудудий ИИБ бошлиқларининг тунги хизмат бўйича ўринбосарлари томонидан жараённинг бориши қатъий назоратга олинган.
Илк манзилимиз – «Меҳржон» ва «Ботирма» маҳаллаларини боғлаб турувчи, Ал-Хоразмий кўчасида жойлашган сайилгоҳ бўлди. Тун-у кун – 24 соат давомида фаолият юритувчи ушбу гастрономик кўча аҳоли билан гавжум.
Сайилгоҳ бўйлаб юраркансиз, тунги салқин ҳаво, чироқлар нурида жилоланаётган фаввораларнинг шилдираши кўнглингизга ўзгача ҳузур бағишлайди. Одамлар юзидаги хотиржамлик, осуда муҳит ва сайилгоҳдаги тартиб-интизом эътиборингизни тортади.
4-сонли ИИБ бошлиғининг тунги хизматни ташкил этиш бўйича ўринбосари, маёр Шуҳрат Янгибоев ҳамроҳлигида аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун яратилган шароитлар, кўрилаётган хавфсизлик чоралари билан танишдик.
– Бу ерда иккита замонавий фаввора, йирик савдо маркази, болалар майдончаси ва кўплаб савдо шохобчалари аҳоли ихтиёрида, – дейди маёр
Ш. Янгибоев. – Хавфсизликни
таъминлаш мақсадида сайилгоҳ тўлиқ видеокузатув камералари ва тезкор алоқа воситалари – «ташвиш тугмалари» билан жиҳозланган. Ҳудудда Патрул-пост хизмати авто ва пиёда патруллик йўналишлари, профилактика инспекторлари ҳамда қўриқлаш хизматининг тезкор гуруҳлари доимий ҳамкорликда хизмат олиб боради.
Сайилгоҳда ҳордиқ чиқараётган фуқароларнинг кайфияти билан қизиқиб, улардан бирини суҳбатга тортдик.
– Гастрономик кўчанинг очилиши биз учун зўр совға бўлди, – дейди «Ботирма»
маҳалласида истиқомат қилувчи Дилафрўз Ҳафизова. – Очиғи, илгари кечки пайт сайр қилишга бироз иккиланардик. Ҳозир эса бу ердаги ажойиб манзарани кўриб, баҳри дилингиз очилади. Фарзандларимиз болалар майдончасида вақтини чоғ ўтказса, биз дўконларда бемалол харидларни амалга оширамиз. Энг муҳими, барча хавфсизлик чоралари таъминланган, ўзимизни хотиржам ҳис қиламиз.
Кузатувларимиз ҳудуддаги осойишталик ўз-ўзидан бўлмаётганини, балки масъулиятли хизмат маҳсули эканини кўрсатди. Навбатдаги манзилда «Меҳржон» маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Сардор Собиржоновнинг ҳушёрлигига гувоҳ бўлдик. У жамоат жойида ўзини бошқара олмайдиган даражада маст ҳолда бўлган фуқарони тўхтатди.
Бундай ҳолат нафақат жамоат тартибини бузиши, балки фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғи учун ҳам хавф туғдириши мумкин. Шу сабабли, ходим томонидан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилди ва ушбу шахс тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага жойлаштирилди.
Тун ярмидан оққанида биз тезкор гуруҳ билан бирга «Бешқўрғон» маҳалласи томон йўл олдик. Соат миллари тунги 01:48 ни кўрсатганида, хонадонларнинг бирида шовқин ва нотинчлик бўлаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган эди.
Воқеа жойига биринчилардан бўлиб етиб борган катта лейтенант Жалолиддин Маматқулов вазиятни зудлик билан назоратга олди. Фуқароларнинг тунги осойишталигини бузган шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан ҳуқуқий чора кўрилди.
Жараён давомида туман ИИОФМБ ЖЦБ ППХ 1-отряд ходимларининг хизмат фаолияти билан ҳам танишдик. Отряд командирининг ўринбосари, капитан Ойбек Салаевнинг маълум қилишича, биргина шу тун давомида шахсий таркиб томонидан 31 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Бундан ташқари, 33 та профилактик суҳбат ўтказилиб, 28 та мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти атроф ҳудудлари кўздан кечирилди. Шунингдек, шубҳали деб топилган 110 нафар шахс хизмат планшети орқали текширилиб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси 4-баталёни ходимлари – кичик сержантлар Фурқат Холмўминов, Азамат Алимов ва сафдор Мирфозил Носиров билан хизмат вазифасини ўташ жараёнида суҳбатлашдик. Айтиш жоизки, ушбу ходимларнинг ҳушёрлиги туфайли бир нечта жиддий қоидабузарликлар фош этилди. Жумладан, икки ҳолатда ҳайдовчилар тегишли ҳужжатларсиз автомобил бошқаргани, яна бир ҳолатда транспорт воситаси ўзбошимчалик билан қайта жиҳозлангани аниқланди. Яна бир вазиятда эса ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабларига бўйсунмасликка ҳаракат қилган, бироқ унга нисбатан қонун устуворлиги таъминланган.
Сиз-у биз уйимизда, оила даврасида хотиржамликдан баҳра олаётган, осуда уйқуга кетган бир пайтда ички ишлар органлари ходимларининг бедорлик билан ўтаётган хизмат фаолияти туфайли тинчлик ва осойишталик таъминланмоқда.
...Тунги хизмат ниҳоясига етди, аммо осойишталик посбонлари учун «дам олиш» тушунчаси нисбий. Зотан, тун ўрнини кун эгаллайди, хавфсизликни таъминлаш занжири бир лаҳза бўлсин узилмайди.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Икром Ҳасанов
олган суратлар.
Тошкент шаҳри.
