Тадбирда Ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов пенсияга кузатилаётган ҳар бир ходимнинг тизим ривожи ва юрт тинчлиги йўлида қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Ушбу соҳа фидойилари кўплаб шогирдларнинг устози бўлган полковниклар – ёш авлод учун Ватанга садоқат билан хизмат қилишнинг ибратли намунаси эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Полковник Шуҳратжон Сатволдиев ички ишлар органлари тизимида терроризм ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши курашишда юксак натижаларни қўлга киритган тажрибали ва маҳоратли раҳбарлардан биридир. У Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИОФМБ бошлиғи, шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ИИБ бошлиғи каби масъулиятли лавозимлардаги фаолияти давомида кўплаб малакали шогирдларни тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшди.
Полковник Барат Маменов ўзининг шарафли хизмат йўлини 1989-йилда Сурхондарё вилояти Иибда оддий инспекторликдан бошлаган бўлиб, фаолиятининг асосий қисмини айнан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли соҳага бағишлади.
У сермаҳсул фаолияти давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи ҳамда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг масъул лавозимларида фидокорона хизмат қилди.
Полковник Бернора Садикова ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали фаолияти давомида тизимнинг энг масъулиятли йўналишларида, хусусан, ИИВ Шахсий таркиб билан ишлаш хизматида сидқидилдан хизмат қилди. У нафақат тажрибали раҳбар, балки ёш ходимлар учун меҳрибон устоз ва ибрат мактаби бўла олди. Тизимда хотин-қизлар масалалари бўйича амалга оширилган ислоҳотларда фаол иштирок этиб, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшди. 2018-йилдан ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррир сифатида фаолият юритиб, тизимдаги ижобий ўзгаришларни кенг ёритиш, нашрларни янада ўқишли бўлишида жонбозлик кўрсатди.
Тантанали тадбир якунида пенсияга кузатилаётган полковникларга вазирликнинг «Ички ишлар органларининг фахрий ходими» кўкрак нишони топширилди. Ўз навбатида, устозлар кўрсатилган юксак эҳтиром ва доимий эътибор учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам фахрий сифатида соҳа ривожига камарбаста бўлишга ҳамда бой ҳаётий тажрибаларини ёш авлодга ўргатишдан чарчамасликларини таъкидладилар.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз
