– 1969 йили Россиянинг Киров вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, рўйхатдан ўтиш учун мудофаа бўлимига бордим, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – У ерда бир капитан билан шундоқ йўлакда суҳбатлашиб қолдик. Менда ҳали ҳарбий хизмат кайфияти тарқамаган, эгнимда аскарлик кийими эди. У менга синчковлик билан боқиб, «Бизга ишга кирасанми?», деди ва соҳага кадрлар тўпланаётганини тушунтирди. Тўғриси, мени Тошкент гидроэлектр станциясидаги уч йил олдинги ишим – слесарлик кутаётган эди, чунки хизматга кетганимда ўрним сақлаб қолинганди. Бироқ капитаннинг юзидаги ва сўзидаги қатъиятга ҳавас қилиб, ҳужжатларимни топширишга шу ондаёқ қарор қилдим. 

Шу кутилмаган таклиф билан тизимга қадам қўйдим. ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида ички ишлар органларида оддий ходимликдан раҳбарлик лавозимларигача бўлган йўлни босиб ўтиб, ёруғ юз билан пенсияга чиқдим. 

Истеъфодаги генерал-маёр Эркин Норгитов фаолияти давомида бор билим ва куч-ғайратини аямай, Тошкент шаҳар ИИБ ёнғиндан сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ички ишлар вазири ўринбосари, Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда ИИВ Академияси бошлиғининг ўринбосари сингари масъулиятли лавозимларда сидқидилдан хизмат қилди. Жонкуярлиги, чуқур мулоҳазаси ва ўзига хос иш услуби билан ҳамкасблари ҳамда раҳбариятнинг эътибори ва ҳурматига сазовор бўлди. 

Юртимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида хусусан, 1993 йили Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган вақтда ҳудуддаги вазият анча мураккаб бўлиб, диний экстремистик гуруҳлар бош кўтара бошлаган эди. Ақидапарастлар халқни амалдаги ҳокимиятга қарши қайраб, осойишталикни издан чиқаришга ҳаракат қиларди. Шундай таҳликали ва қалтис вазиятда Эркин Норгитов асло эсанкираб қолмади. Тезда вазиятни қўлга олиб, қора ниятли кимсаларнинг режаларини чиппакка чиқариш учун тизимдаги камчиликларни чуқур ўрганди, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Кўрилган қатъий чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ҳудудда жиноятлар сони сезиларли даражада камайди, уларни фош этиш кўрсаткичи ортди. Айниқса, вояга етмаганлар жиноятчилиги кескин камайишига эришилди. Мана шундай фидокорона хизматлари муносиб баҳоланиб, Эркин Норгитов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 

1994 йил 13 мартдаги Фармони билан «генерал-маёр» унвонига сазовор бўлди.

– Ички ишлар органларидек масъулиятли соҳани танлашда шунчаки қизиқиш ёки хоҳишнинг ўзи камлик қилади, – дейди истеъфодаги генерал-маёр Эркин Норгитов. – Ходимнинг асосий вақти халқ ичида ўтади. Шу боис у кенг жамоатчилик билан тиллашишни, одамларни тинглашни билиши шарт. Мен узоқ йиллик фаолиятим давомида одамларга яқин бўлишга, уларнинг дардини тушунишга бор кучимни сарфладим ва бугун босиб ўтган йўлимга назар солиб, қалбан қониқиш ҳисcини туяман.

Инсоннинг бағри кенг, нияти пок бўлса, тақдир йўлларида ҳамиша яхшиликлар унади. Қаҳрамонимиз оилада ҳам меҳрибон ота ва мустаҳкам суянч бўла олди. Турмуш ўртоғи, охиратлари обод бўлсин, Ҳамида ая билан бирга бир ўғил ва икки қизни эл корига ярайдиган етук инсонлар қилиб тарбиялади. Оиланинг ягона ўғли Шуҳрат Норгитов ота изидан бориб, ички ишлар органларида самарали хизмат қилди ва полковник унвонида истеъфога чиқиб, муносиб издош бўлди. Қизлари – Муҳаббат ва Дилобархон эса педагоглик касбини танлаб, ёш авлод таълим-тарбиясига умрларини бахш этди. 

Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-маёр Эркин Норгитов яқин кунларда табаррук саксон ёшни қаршилайди. Бу шунчаки йиллар силсиласида босиб ўтилган оддий рақамлар ёки саксон йиллик ҳаёт чизиғи эмас. Бу – ҳар бир куни Ватан равнақига, халқимизнинг фаровон ва осуда ҳаётини таъминлашдек муқаддас мақсадга бағишланган сермазмун ҳаётномадир. 

Лавҳамиз қаҳрамони бугун ҳам ўзининг юксак инсоний фазилатлари, бой тажрибаси ва юрак қўрини шогирдларига ҳамда ёш авлод қалбига сингдиришдек шарафли йўлда одимламоқда. Саксон ёшли донишмандлик довонида туриб ҳам, худди ўша йигирма ёшли аскарнинг шижоати ва Ватан ишқи билан меҳнат қилаётган генералнинг ҳаёт йўли – бугунги ва эртанги авлодлар учун бурчга садоқатнинг тирик тимсолидир. 


Гулноза ТУРҒУНБОЕВА, 

ўз мухбиримиз.