Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирокида экология ва атроф-муҳитни яхшилаш, ҳаво ифлосланишининг олдини олишга қаратилган ишлар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шу кунларда ҳудудда юзага келган вазият нафақат экологияга, балки инсонлар саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдираётгани маълум қилинди.
Анжуманда таъкидланишича, ҳаво ифлосланишининг 40 фоизи табиий омилларга, 60 фоизи эса инсон фаолиятига тўғри келмоқда. Шу боис вилоятда 15 кунлик экологик тадбирлар эълон қилингани, ишчи гуруҳи кеча-ю кундуз фаолият олиб бораётгани айтиб ўтилди.
Тадбирда мавзуга алоқадор ҳар бир ташкилотга, жумладан, ички ишлар органларига ҳам тегишли кўрсатмалар берилди. Жумладан, автомобиллар ҳаракатини назорат қилиш орқали ҳаво ифлосланишининг, аҳоли турар-жойларида чиқинди ва ҳазонларга ўт ёқиш каби ҳолатларнинг олдини олиш вазифалари юклатилди. Шунингдек, журналистлар, блогерлар ва ахборот хизматлари ходимлари учун кўрик-танлов эълон қилинди. Танловда мавзуга доир ижодий ишлар саралаб олиниши ва 10 нафар ғолиблар муносиб тақдирланиши, биринчи ўрин соҳибига эса автомобилъ совға қилиниши маълум қилинди.
Ўз мухбиримиз. Андижон вилояти.
