Уйим Боёвут тумани марказидан унчалик узоқ эмас. Баъзан кечки пайт ишдан қайтаётиб анҳор бўйидаги чароғон йўлакдан яёв қайтишни ёқтираман. Йўл-йўлакай танишларим, маҳалладошларимга дуч келаман. Уларнинг болажонлари велосипедларда учиб юрганини кўраман, дўст-ёронларни ўзаро гурунглашиб турган ҳолда учратаман. Одамларнинг бундай бахтга тўлиқ, тинч-осуда ҳаётидан жуда мамнун бўламан. Лекин улар хотиржам, бехавотир гурунглашиб турган бир пайтда сал нарида ППХ ходими ана шу осойишталикни таъминлаш учун ҳушёрлик билан хизмат ўтаётганини хаёлига ҳам келтиришмайди. Чорраҳада ЙПХ инспектори ҳаракатни тартибга солаётганини ўйлаб кўришмайди. Мабодо, ходимларга кўзи тушса нима қипти? Бу уларнинг бурчи-ку,
– деб бепарво ўтиб кетишади.
Яқинда Халқ депутатлари Боёвут тумани кенгашида жиноятчиликка қарши курашиш ҳолати таҳлил қилинди. Унда туман ИИБ масъуллари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирларни атрофлича таҳлил қилиб беришди. Жумладан, гиёҳвандлик, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик, ўғрилик, фирибгарлик каби жиноятларга қарши ўнлаб тарғибот тадбирлари ўтказилган. Шунга қарамасдан, ушбу турдаги жиноятларни содир этиш ҳолатлари тўхтамаган. Нега? Таҳлил натижалари кўпчилик қатори, мени ҳам ўйлантириб қўйди. Демак, жиноятчиликка қарши курашишда фақатгина тарғибот тадбирларининг ўзи етарли эмас экан-да?
Маҳаллаларда аҳолини тарғибот тадбирига жалб қилишнинг ўзи бир машаққат. Боиси, кўпчилик бундай тадбирларда қатнашишдан кўра тирикчилик билан шуғулланишни афзал билишади. Бирор ҳуқуқбузарликка гувоҳ бўлган шахсдан нега бу ҳақда ички ишлар органига хабар бермадинг, деб сўралса, буни чақимчилик деб ҳисоблашини айтади. Шундан кейин яна жиноятчилик нега камаймаяпти деб ҳайрон бўлишади.
Салкам ўттиз йиллик эл орасидаги хизматимдан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш мумкин деб ҳисоблайман. Бунинг учун ижтимоий профилактика билан биргаликда одамларнинг
онг-у тафаккурида ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, жиноятчиликка муросасизликни миллий менталитетнинг ажралмас қисмига айлантириш, маънавий қадриятларимизни янада кучайтириш тақозо этилади.
Ҳуқуқий иммунитет, энг аввало, ўзгалар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятидир. Бу беморнинг жонига ора кириш учун кетаётган «Тез тиббий ёрдам» машинасига йўл бериш, хотинига зўравонлик қилаётган эркакни бу йўлдан қайтариш, ёш ўғлони безорилик қилганидан уялиб, бошини кўтара олмаслик, ўз гўдагини сотаётган бетамиз аёлга шароит яратиб бермаслик дегани. Шундагина биз ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Ҳуснора БЕРДИЁРОВА,
Халқ депутатлари Боёвут тумани кенгаши котибият мудири.