Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги Марказий тергов ҳибсхонасида янги ва замонавий тартибот биноси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант  А.Ташпулатов ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Дастлаб муассасада яратилган имкониятлар билан яқиндан танишилиб, мазкур муассаса инсон қадрини улуғлаш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мос ҳолда фаолият юритиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири экани таъкидланди.

Марказий тергов ҳибсхонасида яратилган шарт-шароитлар, хавфсизлик чоралари ва ҳуқуқий кафолатлар бу масканда суд ҳукми чиққунга қадар тергов остидаги шахсларни қонунчилик талаблари асосида сақлашга хизмат қилади.

Ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш ва тергов жараёнларини тезлаштириш мақсадида, мажмуада адвокатлар хоналари кўпайтирилиб, уларнинг сони 50 тага етказилди. Тергов хоналари эса, 6 тадан 25 тага оширилди. 

Янги ҳибсхона фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва инновацион ечимлар асосида, ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашув хоналари сони 14 тадан 36 тага етказилиб, ортиқча тирбандлик ва кутишларга чек қўйилди. 

«Э-Маҳкум» ахборот платформаси ҳамда «Қалъа» интеллектуал мониторинг платформаси ягона тизимга бирлаштирилиб, 25 та ташкилот билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилди ҳамда суд ва тергов органлари билан ёзишмалар тўлиқ электрон шаклга ўтказилди.

Муассасанинг назорат-ўтказиш тизими тўлиқ автоматлаштирилиб, фуқаролар, ходимлар ва адвокатлар учун алоҳида кириш-чиқиш йўлаклари ташкил этилиши оқибатида сунъий навбатлар муаммоси ҳал этилди.

Шунингдек, ташриф давомида иштирокчиларга муассаса ҳудудида ташкил этилган сайилгоҳ, маҳкумлар эҳтиёжлари учун жорий қилинган «Рақамли дўкон», «М-биллинг» ҳамда «Видеоучрашув» тизимларининг ишлаш механизми ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. 

Янги Марказий тергов ҳибсхонаси жазони ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.


Феруз ЙЎЛДОШОВ,

ўз мухбиримиз.