Туманнинг «Тортувли» маҳалласида яшовчи лавҳамиз қаҳрамони имконияти чекланган бўлсада, уйда ўтириб қолмади. Қўлларига таяниб, олға интилди. У болалигиданоқ техникага, айниқса, электротехникага қизиқарди. Радио, чироқ ёки бирор электр жиҳози бузилса, уни дарров очиб кўриб, тузатишга уринарди. Вақт ўтиши билан бу қизиқиш касбга айланди. Билимдан тажрибаси, тажрибадан маҳорати ошиб, моҳир устага айлангач, устахонасига электротехника буюмларини тузатиб беринг, деб келувчи одамлар кўпайди. Мана 20 йилдирки у қишлоқдошларининг бузилган радиоси, телевизори, чангюткичи ёки дазмоли борми – ҳаммасини тузатиб беради. Носоз буюмларга яна ҳаёт бағишлайди. 

Биз ҳам унинг мўжазгина устахонасида бўлиб, иш жараёнини кузатдик. Бир талай таъмирталаб эски радио, телевизор ва бошқа буюмлар бор. Музаффар уларнинг ҳар бирини диққат билан кўриб, «касали»ни топишга уринарди. Тузалганларини олиб қайтаётган мижозлар эса раҳмат айтиб, 

кулиб хайрлашарди.  

Музаффар маҳалладаги ёшларга ҳам ҳунарини ўргатяпти. Улар билан суҳбатлашиб, қизиққан саволларига жавоб беради. Таъмирлаш сир-асрорларини эринмай тушунтиради. Азиз Шониёзов тумандаги 35-умумтаълим мактабининг 6-синфида таҳсил олади. У ҳам бўш вақти бўлди дегунча, Музаффар Сафаровнинг чоғроққина устахонасига ошиқади. 

– Юра олмасам-да, тақдиримдан нолимайман. Шукрки, ақлим ва зеҳним бор. Қўлларим ишлайди. Муҳими, одамлар менга ишонишади. Шу боис, ўзимни ҳаётдан четда қолгандек ҳис қилмайман. Шунинг ўзи мен учун катта бахт, – дейди қаҳрамонимиз. – Албатта, ҳаётимда қийин кунлар ҳам бўлган. Аммо мен ҳар доим уларни енгиб ўтдим ва ўтяпман. Қачонки инсонда кучли ирода ва аниқ мақсад бўлса, ишдан, машаққатли меҳнатдан қочмаса, у ҳар қандай тўсиқни енгиб ўта олади.

 Музаффар турмуш ўртоғи Зарнигор билан 2 нафар фарзандни улғайтиришяпти. Уйдаги деҳқончилик ва чорвачилик юмушларини бажаришда аёли яқиндан ёрдамчи. Биргаликдаги меҳнатлари, давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида ҳар ой бўлиб тўлаш шарти билан кредит асосида намунали уйлардан бирини харид қилишди. 

Имконияти чекланган бўлса-да, иродаси чекланмаган Музаффар Сафаров каби инсонларнинг мақсад сари интилиши, орзу-умидлари рўёби йўлида кураши кўпчилик учун илҳом манбайи, десак, сира муболаға бўлмайди. Унинг матонатли меҳнати давлатимиз томонидан муносиб қўллаб-қувватланиб, 2025-йилда Президентимиз фармонига мувофиқ «Жасорат» медали билан тақдирланди.


Умида МАМАДАЛИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.