Шу ўринда марҳум ходим ҳақида икки оғиз тўхталиб ўцак: у 1987-йили Самарқанд туманида дунёга келган. 2008-йилда хизмат фаолиятини оддий отряд милиционери сифатида бошлаган. 2010-йилда ИИВ Академиясига қабул қилиниши унинг касбий фаолиятида янги босқич бўлди. Академияда тингловчи бўлган йиллардаёқ у ўзининг билимга чанқоқлиги билан устозлари ва хизматдошларининг эътиборини қозонди. Ўз меҳнати, интизоми, масъулияти билан ажралиб турди.
2014-йилдан ҳаётининг сўнгига қадар эксперт-криминалистика йўналишида хизмат қилди. Унинг ноёб қобилияти ва ишга сидқидилдан ёндашуви кўплаб оғир жиноятларни «иссиқ изида» фош қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
У берилган ҳар бир вазифани юқори масъулият билан бажариб, нафақат тергов-суриштирув соҳасида тажрибаси ва билимларини амалиётда намоён этган, балки ёш кадрларни тайёрлаш, уларга замонавий криминалистика усулларини ўргатиш йўлида ҳам самарали фаолият олиб борган. Ярим йил мобайнида содир этилган турли даражадаги жиноятлар юзасидан 300 дан ортиқ қўл-бармоқ изларини воқеа жойидан олиб, улар асосида жиноятларни фош этиш самарадорлиги 90,5 фоизни ташкил этган. Шу мисолнинг ўзиёқ унинг юқори касбий маҳорат ва билимга эга мутахассис эканлигидан далолат беради. Фаолияти давомида биргина туман доирасида 200 дан зиёд тергов ҳаракатларида шахсан иштирок этган. Шу билан бирга, у томонидан тайёрланган 34 та криминалистик экспертиза ва 93 та махсус криминалистик тадқиқот ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этишни самарали ташкил этишида муҳим ўрин тутган.
Марҳум Музаффар Аззамов ўз билим ва тажрибасини бошқаларга ҳам етказишга интилиб, криминалистика соҳасидаги илғор илмий усул ва техник воситалардан самарали фойдаланиш бўйича 350 дан ортиқ ёш ходимлар учун ўқув-семинарлар ўтказишга улгурган.
— У шогирдларига нафақат назарий билим, балки амалиётда зарур бўладиган ҳаётий тажрибани ҳам мерос сифатида қолдирди. Фидойи ходимимиз ўз касбини хизмат сифатидагина эмас, юртга бўлган садоқатнинг ифодаси сифатида ҳам кўрарди. Шу боис, ҳар бир ишга виждон билан ёндашар, адолат ғоясини энг юксак қадрият деб биларди, — дейди Самарқанд вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази бошлиғи, полковник Махсуд Қурбонов.
Унинг меҳнатлари эътибордан четда қолмай, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бир неча бор тақдирланган.
Ўз ишининг моҳир устаси бўлган ходим бир қиз ҳамда икки ўғилнинг отаси эди. У уйидан соғ-саломат хизматга отланган, орзулари бир олам эди. Таассуфки, мудҳиш воқеа сабаб қайтиб келмаган отасини энди фарзандлари кўзлари билан қидиради. Тақдирнинг турфа синовлари қаршисида қолган унинг оиласи давлатимиз ва хизматдошларининг доимий эътиборида бўлади.
Музаффар Аззамовнинг юрт тинчлиги йўлидаги намунали ҳаёти келгуси авлодлар учун ибрат мактаби бўлса, ажаб эмас.
Аброр ПОЁНОВ,
махсус мухбир.
