Пойтахтда ташкил этилаётган бўлажак кўчатхоналар тармоғи доирасида шаҳар муҳитини яхшилаш ва барқарор кўкаламзорлаштириш тизимини шакллантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди. Унга кўра, аввало шаҳар шароитига мослашган, йирик ҳажмдаги дарахтлар ва кўп йиллик ўсимликларни профессионал равишда етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кўчатхоналарда чанг миқдорини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш ва экологик барқарорликка ҳисса қўшадиган манфаатли турлар саралаб етиштирилади. Шу билан бирга, қурғоқчилик, ҳароратнинг кескин ўзгариши ва иқлим ўзгаришига мослашувчан буталар ҳамда турли кўп йиллик ўсимликлар танлаб олиниб, илғор агротехник усуллар асосида парвариш этилади.

Таъкидланишича, ҳар бир кўчатнинг келиб чиқиши, парвариши ва экилишига оид маълумотлар марказлашган рақамли рўйхатга киритилиб, шаҳарнинг яшил фонди тўғрисидаги маълумотлар базаси изчил янгиланиб борилади. Бу эса кўкаламзорларни бошқаришда шаффофлик ва тизимли ёндашувни таъминлайди.

Янги тармоқ шаҳар ва хусусий сектор ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, ўсимликларни профессионал етиштириш, уларни тўғри жойлаштириш ва узоқ муддатли парвариш қилишни қамраб олган барқарор экотизимни барпо этишга хизмат қилади. Ташкил этилаётган кўчатхоналар пойтахтнинг экологик стратегиясида муҳим бўғин сифатида қаралиб, Тошкентнинг яшил майдонларини кўпайтириш ва обод муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.