Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбар ва мутасаддилари, ИИОФМБ масъуллари, шунингдек, маҳалла фаоллари иштирок этиб, мавзу доирасида фикр алмашдилар.

Учрашув давомида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлашнинг амалий механизмлари, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш борасидаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Профилактик суҳбатлар ўтказиш тартиби, муаммога дуч келган аёлларга ёрдам кўрсатиш йўллари ҳамда зўравонликка мойил шахслар билан ишлаш учун мўлжалланган тузатиш дастурлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир иштирокчиларининг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди. Шунингдек, зўравонликнинг олдини олишда фаол иштирок этиб келаётган маҳалла фаоллари махсус ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бу учрашув нафақат маълумот, балки ҳар бир иштирокчига зўравонликка бефарқ бўлмаслик, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида ўз ҳиссасини қўшиш зарурлигини яна бир бор эслатди.