Сурхондарё вилоятининг чекка ҳудудларидан бири бўлган Сариосиё туманида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли турмуш тарзини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтармоқда. Хусусан, транспорт инфратузилмасидаги ижобий ўзгаришлар нафақат қулайлик, балки ҳудуд ривожланишининг муҳим омилларидан бирига айланди.
1976-йилда фойдаланишга топширилган Сариосиё аэропорти узоқ йиллар давомида аҳолига хизмат қилди. Бироқ 2005-йилга келиб, у фуқаро авиацияси учун ёпилди. Орадан қарийб йигирма йил ўтиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва топшириқлари асосида ушбу ҳаво бандаргоҳи тубдан қайта таъмирланиб, замонавий талаблар даражасида қайта ишга туширилди.
Бугунги кунда аэропорт ҳафтанинг душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари мунтазам рейсларни амалга оширмоқда. «Тошкент – Сариосиё» йўналиши бўйича йўлга қўйилган авиақатновлар аҳоли учун беқиёс қулайлик яратиб, илгари соатлаб давом этган машаққатли йўл эндиликда бир соатдан зиёд вақт ичида босиб ўтиш имконини бермоқда.
Албатта, стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳар қандай транспорт обектида бўлгани каби, бу ерда ҳам хавфсизлик масаласига биринчи даражали вазифа сифатида қаралади. Бу борада Сурхондарё вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Сариосиё аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси ходимлари юксак масъулият билан хизмат қилмоқда.
– Мунтазам рейслар белгиланган кунларда ходимларимиз навбатчилик асосида фаолият кўрсатади, – дейди бўлинма ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи катта инспектори, маёр Мансур Тошбобоев. – Фуқароларни кутиб олиш, рўйхатдан ўтказиш ва самолётга чиқиш жараёнлари тўлиқ назорат остида бўлади. Ҳар бир йўловчининг хавфсизлигини таъминлаш бизнинг асосий мақсадимиздир.
Шунингдек, аэропорт ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, шубҳали ҳолатларнинг олдини олиш ва йўловчилар учун хотиржам муҳит яратиш мақсадида профилактик тадбирлар олиб бориляпти. Замонавий кузатув воситалари ва тажрибали ходимларнинг сергаклиги жараённинг самарадорлигини кафолатламоқда.
Мухтасар айтганда, Сариосиё аэропортининг қайта ишга туширилиши нафақат транспорт тизимидаги ютуқ, балки бутун ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти учун янги уфқларни очди. Эндиликда бу маскан тараққиёт ва фаровонликка элтувчи муҳим парвозлар нуқтаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
