Суд очерки
Шодмон (воқеа иштирокчиларининг исмлари ўзгартирилган) умрининг салкам 25 йилини қамоқда ўтказди. Ўғрилик содир этгани учун беш марта суднинг қора курсисига ўтирди. Ўта хавфли рецидивист деб топилди. Бу орада оила қуриб, икки нафар фарзандли бўлишга ҳам улгурди.
Охирги марта жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди. Жазони тўлиқ ўтаб бўлгач, аввалига оиласи билан Пахтакор туманидаги хонадонлардан бирида ижарада турди. Кейинроқ туман ҳокимлиги томонидан тери-таносил касалликлари шифохонаси ётоқхонасидан унга хона ажратилди.
Озодлик ҳавосидан нафас олаётганига эндигина 7 ой бўлаётганди. Ўша машъум кун туш пайтида охирги марта бирга қамоқда ўтириб чиққан таниши Ихтиёр қўнғироқ қилиб қолди. Шодмон уни меҳмонга таклиф қилди. Ихтиёр бир шиша ароқ кўтариб, кириб келди. Уни бўшатишгач, мезбон дастурхонга икки шиша коняк қўйди. Бирга кечган йилларини хотирлаб, уларни ҳам ичиб тугатишди. Барибир камлик қилди.
Шишадошлар дўкондан яна спиртли ичимлик сотиб олиш учун кўчага чиқишди. Шодмон йўл четида қамоқхонада танишган Бўта исмли йигитга кўзи тушди. Иккаласи қучоқлашиб кўришишди.
– Э ошналар, юринглар, бугун зиёфат мандан! – деди у тантилиги тутиб, кўкрагига уриб.
Бўта дўкондан бир шиша ароқ олиб чиқиб:
– Энди маҳалладаги чойхонага борамиз, ўша ерда буни газакка қўшиб майдалаб ичамиз, – деди.
Лекин чойхонага етиб боришларига бир чақиримча қолганда, у ёғига юришга ҳафсалалари етмади, эринишди. Галма-гал шишани бўғзидан кўтариб, ароқни ичиб тугатишди. Нимадир бўлиб, Шодмон билан Бўта гап талашиб қолишди. Бўта кайф устида сўкиниб, улфатининг юзига мушт туширди. Шодмон ўрнидан туриб, рақибини дўппослай кетди. Ихтиёр ҳам унга кўмаклашди. Бўтани ера йиқитиб, дуч келган жойига тепкилай бошлашди.
Оғзи-бурнидан қон келган Бўта қанча ялинмасин, улфатларининг кўнглида заррача раҳм-шафқат уйғотмади. Шу пайт Шодмоннинг кўзи йўл четида ётган ярим қулоч арқонга тушди. Шартта арқонни Бўтанинг бўйнига солиб, учларини Ихтиёр билан иккиси икки тарафга тортиб, уни бўға бошлашди. Бўта жон талвасасида типирчилашга тушди. Кўзи қонга тўлган Ихтиёр унинг бўғзига пичоқ тортиб юборди. Ниҳоят Бўтанинг жони узилди.
Энди қотиллар жиноят изларини йўқотиш чораларини кўра бошлашди. Ўн-атрофдаги қуриган хас-хашак, шох-шаббаларни мурданинг устига тўплаб, ўт қўйиб юборишди. Шундан сўнг дўкондан ароқ сотиб олиб, Шодмонникига бориб ичишди. Орадан икки кун ўтиб, иккаласи ҳам қўлга олинди.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш жоизки, Шодмоннинг жиноий шериги, 40 ёшли Ихтиёр ҳам ўта хавфли рецидивист деб топилган. У кетма-кет содир этган ўғрилик жиноятлари учун уч марта судланган. Умрининг салкам 15 йилини тиканли сим ортида ўтказган. Тайинли уй-жойи бўлмагани учун, охирги марта озодликка чиққанидан сўнг хотини ва якка-ёлғиз фарзанди билан ўзи ишлайдиган фермер хўжалигининг дала шийпонида яшаб юрган.
Бўтанинг тақдири янаям ачинарли. Яхшиси шу ўринда марҳумнинг опаси судда берган кўрсатувидан парча келтирайлик: «Укам ҳаётлигида мавсумий ишлар билан шуғулланиб, мардикорчилик қилиб тирикчилигини ўтказарди. Тери-таносил касалликлари шифохонасининг ётоқхонасида яшарди. Ўғрилик, талончилик жиноятлари содир этганлиги учун кўп марта судланиб, қамоқда ўтириб чиққан.
Оила қурмаган. Деярли ҳар куни спиртли ичкилик ичарди. Уни охирги марта бундан тўрт ойлар бурун кўргандим. Ўшанда ҳам бизникига маст ҳолатда меҳмон бўлиб келганди. «Меникига бунақа аҳволда келма. Фарзандларим маст одамни ёқтирмайди», дедим. Гапимга хафа бўлиб, уйимга кирмасдан қайтиб кетганди».
Суд ушбу жиноят ишини кўриб чиқиш чоғида айбдорларнинг айбини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олди. Шунингдек, жазоларни қисман қўшиш йўли билан уларнинг ҳар қайсисига узил-кесил 19 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.
Элимизнинг севимли хонандаси Равшан Комилов бир қўшиғида «Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик», дея даъват этади. Ҳа, бу ёруғ оламга одам бўлиб келишнинг ўзи бағоят шараф, Яратганнинг бандасига инояти. Аммо одамдай яшаш барчанинг ҳам қўлидан келавермас экан-да. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, «қаҳрамонларимиз»нинг биридан туғишган опаси ҳам безор бўлган. Иккинчиси хотинию якка-ёлғиз боласи билан далашийпонда яшаб юрган. Учинчисини ҳам ҳаётига ҳавас қилгулик эмас. Ҳар қайсиси содир этган жиноятлари учун умрининг энг гуллаган даврини панжара ортида, тутқунликда ўтган. Инсондек зоти шарифга шундай шармандалик муносибми?! Уларнинг хотин, бола-чақасига кишининг раҳми келади. «Эсиз умр, эсиз фарзандлар» дейсиз беихтиёр.
Лутфилла МАМАРАЖАБОВ,
Жиноят ишлар бўйича Дўстлик туман суди раиси.
Бобомурод ТОШЕВ,
«Постда» мухбири.
