Тадқиқот

Ҳозирги кунда жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг ўзгарувчанлиги, табиий офатлар ва экологик муаммоларнинг кўпайиши натижасида эртанги кунда юзага келиши эҳтимоли, ҳаётдаги экстримал шароитларга психологик тайёргарликнинг йўқлиги долзарб муаммо ҳисобланади. Қолаверса, инсоният тақдири бугунги кунда кўп жиҳатдан экологик муаммолар ечимига боғлиқ бўлиб қолганлиги, уларни тўғри ҳал этишда асосий омиллардан бири сифатида экологик онгнинг шаклланиши ҳамда унинг ўзига хос психологик хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги кундан-кунга яққол намоён бўлмоқда. Шубҳасиз, инсоният сивилизацияси ва ер биосфераси боши берк кўчага келиб қолди. Бу ҳолат барча олимлар, сиёсатчилар, умуман, жамиятимизга маълум бўлган экологик шов-шувни келтириб чиқарди ва ер юзи аҳолисини бу масалада бош қотиришга мажбур қилди. Ниҳоят, инсоният сайёравий муаммони ўзи келтириб чиқарганлигини ва фожиали ҳолатга сабабчи бўлганини тушуниб етди. 

Катта ҳудуд миқёсидаги иккинчи йирик ҳалокат - Орол денгизининг йилдан-йилга қуриб бориши бутун Оролбўйи иқлимининг ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ерларининг жадал шўрланиб бараётганлиги, чанг-тўзонли чўл ҳавоси таъсири остида аҳоли ўта фожиали ҳолатга тушиб қолганлиги, ва турли экологик нохуш ҳодисалар юзага келаётганлиги ҳозирда кенг жамоатчиликка маълум

Кузатилган маълумотларда ХХ асрнинг 30-йилларида Орол денгизига дарёларнинг 70 фоиз суви келиб қуйилган, 50-60 йилларда 50 фоиз, 70-йилларда 30 фоиз, 80-йилларнинг биринчи ярмида эса 10 фоизгина сув денгизга қуйилган. Оролбўйи региони майдони 473 минг кв.м бўлиб, бу ерда 4 млн га яқин киши истиқомат қилади. Аҳоли ҳозирда сув таркибининг ифлосланишига ва сув танқислигига гирифтор бўлган. 1925 йилдан бошлаб Амударё сув таркиби минераллаша бошлаган, яъни унинг таркибида инсон саломатлиги учун зарарли микроэлементлар пайдо бўлган. Натижада экологик мувозанатнинг бузилиши табиатни, аҳолини ниҳоятда ачинарли аҳволга олиб келиб қўйди. Мутахассисларнинг берган маълумотларига қараганда, бу ерда ҳар йили атмосферага 75 млн. тонна чанг, 4 млн. тоннага яқин зарарли моддалар қўшилмоқда. Шуларнинг ярми углерод оксидига тўғри келади, 15% углеводород чиқиндилари, 14% олтингугурт қўш оксиди, 9% азот оксиди, 8% қаттиқ моддалар ҳисобланади ва 4% га яқини ўзига хос ўткир заҳарли моддаларга тўғри келади. 

Бугунги кунда денгиз ҳавзасида қарийб 35 миллион киши унинг таъсирида қолди. Ўзбекистонда экологик вазиятнинг кескинлашуви оқибатида аҳолининг касалланиш кўрсаткичлари ўсиб бориши кузатилмоқда. Н. Бисалиев Қорақалпоғистонда туғилаётган ҳар бир болага нафақат жисмоний соломатлигига эътибор бериш, балки уларнинг нерв-психик ҳолатларига ҳам ижтимоий ва тиббий реабилитациясини ошириш керак, деб таъкидлайди  

Юқорида қайд этилган қатор экологик муаммолар аҳволнинг нақадар жиддий эканлигидан далолат беради. Ер шарининг кўпчилик ҳудудларида содир бўлаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш мақсадида бир қанча халқаро конвенсия ва дастурлар тузилди. Бу муаммони ҳал қилишда ЮНЕСКО томонидан тузилган “Инсон ва биосфера” номли дастур диққатга сазовордир. Бу дастур атроф-муҳитни яхшилашга аҳамият қаратиши билан бирга, бугунги куннинг ўзида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш илмий асосларини яратиш бўйича бир қанча тадқиқотларни амалга ошириб келмоқда.

Инсон зоти юз йиллардан бери атмосферага ва табиатга берган зарарларининг бадалини тўламоқда. Бугунги кунда экологик ҳалокатга дуч келишимиз фақатгина фан-техниканинг ривожланиши ва экологик саводсизлик деб қарамаслик керак, балки бу бизнинг психикамизда яширинган муаммоларнинг оқибатидир. Шунга кўра ҳозирги даврда психология илмининг тармоғи сифатида экологик психология юзага келиб, “экологик шахс”, “экологик психоакустика”, “экологик онг” “атроф-муҳит психологияси”, “психологик экология” ва бошқа йўналишларга бўлиниб ўрганилмоқда. Инсон қаерда яшаб ва фаолият кўрсатишдан қатъий назар экологик мувозанат иерархиясини ҳам шакллантириб боради. Бу иерархия экологик онгнинг ҳар хил хислатлари шаклланиши ва уларнинг типологиясини ажратиб олиш имконини беради. Бунда экологик хулқ-атвор хусусиятлари, тиришқоқлиги, қатъиятлилиги, ҳаракатчанлиги, ташаббускорлиги, ишончлилик имкониятини ва фаол ҳаракатнинг натижаси ёки бўлмаса қарама-қаршилик, турли хил зиддиятлар акс эттирилади. Улар ҳиссиёт, мотив, қизиқиш, ақл билан фаолиятда бошқарилади. Шу билан бирга экологик онгнинг шаклланишида тафаккур ва унинг фаолият жараёни ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, экологик салбий омиллар инсон психофизиологик механизмига таъсир этиши табиий, психик фаолиятининг бузилишига, хулқ-атворининг бузилишига олиб келиши ҳақида психолог олимлар ўз тадқиқотида келтириб ўтади. Инсон ўз фаолияти туфайли кимёвий, электромагнитли радиацияга тўйинган чиқиндилар муҳитида истиқомат қилиши эса ачинарли ҳолат. Инсон шароитининг ўзгарувчанлиги инсон кайфиятига салбий таъсир қилади, руҳий асаб таранглиги стрессни келтириб чиқаради. Бунда психик жараён бузилишининг ҳар хил даражаларини, ҳаттоки, иммунитетнинг пасайишини кўришимиз мумкин. Кейинги йилларда инсон организмидаги иммунитет кўрсаткичи тадқиқотчиларимиз диққатини тортмоқда. Бундай оғир вазиятларни яқинда содир бўлган пандемия даврида ҳам кузатганмиз. Албатта, психолог олимлар ҳар қандай оғир экологик ҳодисаларга дуч келишига илмий ёндашувларни тадбиқ қилишларини тавсия қилади. Экологик муаммо, нафақат, инсон психологияси ва соғлигига таъсир этиб қолмасдан, бугунги кунда жамият ва унинг таълим тизими олдида турган қатор муаммолардан бири ҳисобланади.

Анжим Шамшетова, 

психология фанлари номзоди, 

доцент.