Ер юзида инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган, тарихи минг йилликларга бориб тақаладиган шаҳарлар кўп бўлиши мумкин. Аммо улар орасида инсон бутун ҳаёти давомида бир марта бўлса ҳам бориб кўриши шарт бўлган шаҳарлар бармоқ билан санарли.
Шундай шаҳарлар борки, етти иқлимни забт этган жаҳонгирлар унинг пойтахт бўлишини орзу қилишган. Довруғи дунёга таралган кўплаб шоҳлар, олиму алломалар бу азим шаҳар соғинчида фироқ чеккан. Афсонавий шаҳар ҳақида гап кетар экан, шу муқаддас заминни мангу макон тутган кўплаб улуғ аждодларимизнинг ҳаёт йўлини тасаввурингизда жонлантиришга уринасиз.
Яна шундай шаҳарлар ҳам борки, таърифлашга бу оламнинг бор бисоти камлик қилгани боис, Фирдавсмонанд дея кўкларга кўтаради. Шоирлари “Икки дунёда ҳам битта Самарқанд*” дея бу муаззам шаҳар шаънини улуғлайди.
Токи ер юзида ҳаёт ҳаёт давом этар экан Амир Темур орденли Боқий шаҳар ҳақидаги илиқ гаплар ҳам давом этаверади. Зеро, Самарқанд бунга лойиқдир.
Замин сайқали – Самарқанд шаҳри куни барча ўзбекистонликларга муборак бўлсин.
*Хосият Бобомуродова сатри.
***
Жамолингга тўйиб боқиш-чун,
Шошилади қуёш ҳар саҳар.
Йўқдир сенга муносиб таъриф,
Асрларни қаритган шаҳар.
Отам каби соддадил, мағрур,
Онам каби меҳрибон, мунис.
Қадрдондир менга тупроғинг,
Ҳар гиёҳинг жон қадар азиз.
От сурмади кимлар сен томон,
Ном-нишонсиз кетди-ку бари.
Эй, қадимий, навқирон замин,
Шарқнинг ноёб дуру гавҳари.
Толеингга бахт битилмишки,
Тамаддуннинг бўлдинг онаси.
Тушларимга киради гоҳо,
Улуғбекнинг расадхонаси.
Тилсимларга тўла Тирик шоҳ,
Руҳи кезар асрлар оша.
Ҳар кунгидан бошқача бугун,
Боғи Беҳишт, Боғи Дилкушо.
Севинчингни кўриб севиндим,
Бир кулгингга мингта жоним тан.
Ҳар бир кунинг байрам, тўй бўлсин,
Сенга шодлик ярашар Ватан.
Шерзод Абдусамадов.
